Абу-Дабида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Октябрь 03, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 121
АБУ-ДАБИ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. БАА пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тантанали маросимда қарийб 600 нафар меҳмон иштирок этди. Улар орасида БАА Ёшлар ишлари вазири Султон Саиф Ал Неяди, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, етакчи амирлик компаниялари ва ишбилармон доиралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Байрам тадбири меҳмонларга янги Ўзбекистонни яқиндан кашф этиш имконини берган ўзига хос тақдимот майдонига айланди. Унда мамлакатимизнинг сўнгги йиллардаги тараққиёти, бой маданий мероси ва миллий анъаналари билан бирга, улкан иқтисодий ва туристик салоҳияти ҳам намойиш этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон миллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бағишланган махсус кўргазма стенди ташкил этилди. Мамлакатимизнинг йирик экспортчи компаниялари иштирок этган ушбу майдонда етиштириладиган юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар тақдим этилди. Бу эса тадбирга нафақат маданий, балки амалий иқтисодий мазмун бағишлаб, амирликлар ишбилармонларида катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, махсус видеороликлар орқали Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилаётган шароитлар ҳамда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларнинг туристик жозибаси намойиш қилинди.
Абу-Дабида ўтказилган тантанали кеча Ўзбекистоннинг бой тарих ва миллий қадриятларга таянган, жаҳонга очиқ, иқтисодий ҳамкорликка тайёр замонавий давлат сифатидаги қиёфасини яна бир бор кенг халқаро аудиторияга намойиш этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси