Бангкокда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Сентябрь 07, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 76БАНГКОК, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Таиланддаги Бош консулхонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва Бутан элчихоналари дипломатлари, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, Халқаро миграция ташкилоти вакиллари ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Бош консул Фахриддин Султанов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида сўнгги 10 йилда эришилган муҳим ютуқлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани таъкидланди.
Ташқи сиёсат соҳасида аввалги ўзини-ўзи яккалаш сиёсатидан воз кечилиб, Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказларидан бирига айлантиришга қаратилган кўп қиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсат юритилаётгани қайд этилди. Айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатларда қарама-қаршиликка асосланган ёндашувдан очиқ ва конструктив мулоқотга ўтилгани таъкидланди.
Озарбайжон элчиси Элчин Баширов сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама муносабатларда кузатилаётган ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади. У икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона ва илиқ муносабатларига алоҳида тўхталиб, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади ҳамда икки томонлама ҳамкорлик изчил давом этишига ишонч билдирди.
Тадбир иштирокчилари орасида Ўзбекистонга сафар қилганлар ҳам бўлиб, улар мамлакатимизнинг бой тарихи, маданияти, санъати ва диққатга сазовор обидаларида олган ёрқин ва унутилмас таассуротлари билан ўртоқлашди.
Бангкок Дансе академияси катта хореографи, ватандошимиз Куралбай Сапаров томонидан тайёрланган дастур асосида таиландлик ўқувчилар томонидан ижро этилган лазги ва бошқа ўзбек миллий рақслари намойиш этилди.
Хорижий меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳиятини тараннум этувчи материаллар тақдим этилди. Шунингдек, тантанали йиғилиш иштирокчилари учун миллий анъаналаримизга хос байрам дастурхони ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



