Logo

Ўзбекистон технологик металлар комбинати 4 та халқаро уюшма таркибида

Июль 24, 2025. 17:25 • 2 дақ

87
Ўзбекистон технологик металлар комбинати 4 та халқаро уюшма таркибида

ТОШКЕНТ, 24 июль. /"Дунё" АА/. Камёб ер элементлари ва стратегик металлар дунё технологиясининг асоси ва энди бу жараёнлар майдонида Марказий Осиё бўйича биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустаҳкам ўрин эгалламоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Аввалига мамлакатимиз Халқаро вольфрам ассоциацияси, Европа графит ва углерод материаллари уюшмаси ва Камёб ер металлари саноати ассоциациясига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган бўлса, эндиликда Халқаро молибден ассоциацияси (IMOA) таркибидан ҳам жой олди. Бугун дунё "яшил" технологиялар инқилобини бошдан кечирмоқда. Айнан шунинг учун шамол турбиналари, қуёш панеллари ва электромобиллар каби экологик тоза ечимларда молибден муҳим роль ўйнаб, "яшил ресурс" сифатида эътироф этилмоқда.


Ўзбекистон бу жараёнда қандай ўрин эгаллаяпти?


Бугунги кунда Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) молибденни чуқур қайта ишлаш, соф маҳсулот олиш ва халқаро сифат талабларига жавоб беришда замонавий ечимлар таклиф қилмоқда. Хусусан, ТМК молибденни гидрометаллургик ва пирометаллургик усуллар асосида чуқур қайта ишлайди, юқори софликда кимёвий молибден оксиди, металл молибден, шунингдек, ноёб металлар асосидаги қаттиқ қотишмалар ва уларга мос саноат ускуналарини ишлаб чиқаради. Комбинатнинг Халқаро молибден ассоциациясига (IMOA) аъзо бўлиши бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтиради.


IMOAга аъзолик – ишонч, юксалиш ва имкониятлар эшиги.


"ТМК Ўзбекистонда молибденни чуқур қайта ишлаш билан шуғулланиб, гидрометаллургик ва пирометаллургик усуллар асосида юқори тозаликдаги кимёвий молибден оксиди ҳамда металл молибден маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Биз Ўзбекистонни ташкилотимизнинг янги аъзоси сифатида кўришдан мамнунмиз", – деди IMOA Бош котиби Ева Модел.


Халқаро молибден ассоциациясига аъзолик, энг аввало, молибден билан боғлиқ янги меъёрлар, хавфсизлик стандартлари ва экологик талаблар бўйича оператив ва ишончли ахборотга эга бўлиш имконини беради, шунингдек, етакчи халқаро экспертлар билан техник ва илмий тажриба алмашинуви, жаҳон молибден бозори динамикаси ва прогнозларига асосланган реал вақт таҳлили каби бир қатор стратегик устунликлар беради.


Бу аъзолик Ўзбекистоннинг глобал майдонга саноат салоҳиятини ва стратегик ресурсларга эгалигини намоён этиш йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадамдир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш