Германия компанияси ўз таркибига Ўзбекистондаги паст углеродли тош минерал пахта ишлаб чиқариш бизнесини қўшиб олмоқда
Октябрь 21, 2024. 09:01 • 2 дақ
• 666
ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /"Дунё" АА/. "KNAUF" ва "Texnopark" компаниялари Тошкент шаҳрида паст углеродли тош минерал пахта ишлаб чиқариш бўйича стратегик ҳамкорлик келишувига эришганини эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу келишув доирасида "KNAUF" ишлаб чиқариш бошқарувини ўз зиммасига олмоқда ва заводдаги илғор технологияларни жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишни мақсад қилган.
Завод электр энергияси ёрдамида эритиш технологияси асосида фаолият юритиб, паст углеродли (СО2) чиқиндилар билан энергия самарадор материалларни ишлаб чиқаради. 2022 йил охирида ишга туширилган бу завод Марказий Осиёдаги барқарор қурилиш бозорининг талабларига жавоб берадиган замонавий энергия тежамкор изоляция материаллари ишлаб чиқаради.
– Бу келишув бизга Марказий Осиёда изоляция материаллари ишлаб чиқаришни салмоқли даражада кенгайтириш имконини беради, – "KNAUF" гуруҳининг бош ҳамкори Александр Кнауф. –Марказий Осиёдаги тез ривожланаётган қурилиш бозори ва энергия самарадорлигига бўлган юқори талаб биздан инновацион ва энергия тежамкор ечимларни талаб қилади. "KNAUF"нинг халқаро тажрибасидан фойдаланган ҳолда, биз мижозларимизга юқори сифатли ва қулай изоляция ечимларини тақдим этишда ўз етакчилигимизни мустаҳкамлаймиз.
–Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва жадал тараққиёт жараёни мамлакатдаги инвестиция муҳитини яхшилаб, барқарор ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун қулай шароит яратмоқда. Бу эса бизнинг минтақага бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди ва келгусида янги инвестиция ташаббусларини амалга оширишга тайёрлигимизни кўрсатади, – гуруҳ бош ҳамкори Уве Кноцер.
"KNAUF Gruop" бошқаруви аъзоси, "KNAUF Insulation" йўналишининг Европа, Яқин Шарқ ва Осиё бўйича бош директори Доминик Боссаннинг фикрича, ушбу битим компаниянинг тежамкор энергия, сифат ва экологик тозалик устувор жиҳатлар ҳисобланган истиқболли биноларни қуриш каби узоқ муддатли стратегик мақсадининг рўёбга чиқарилишига замин яратади.
"KNAUF Group" 1932 йилда ташкил этилган халқаро оилавий компания бўлиб, бош қароргоҳи Германиянинг Инҳофен шаҳрида жойлашган. У дунёдаги етакчи қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларидан бири саналади. Компания 90 дан ортиқ давлатда 300 дан зиёд ишлаб чиқариш ва савдо объектларига эга. Шунингдек, у гипс маҳсулотлари, энергия тежамкор изоляция ва тўлиқ изоляцион тизимлар соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. 2023 йилда "KNAUF" гуруҳининг савдо ҳажми 15,6 миллиард еврога етди ва унда 42 минг 500 нафардан ортиқ ходим фаолият кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
