Logo

Чехиядаги ватандошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича келишувга эришилди

Февраль 20, 2026. 12:18 • 2 дақ

137
Чехиядаги ватандошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича келишувга эришилди

ПРАГА, 21 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Прага шаҳрида Халқаро миграция ташкилотининг Чехиядаги ваколатхонаси раҳбари Петр Чап билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот конструктив ва амалий руҳда ўтди. Томонлар меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш, қонуний ва хавфсиз бандлик каналларини ривожлантириш, ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Суҳбат давомида Чехия иқтисодиётининг меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжи сақланиб қолаётгани, айрим устувор тармоқларда хорижий ишчи кучини жалб қилиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Шу билан бирга, миграция жараёнларини тартибга солиш ва назорат қилиш, мигрантларни интеграция қилиш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Петр Чапнинг таъкидлашича, бугунги кунда Чехия бошқа давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида тўлиқ форматли ҳукуматлараро келишувларга эга эмас. Ўзаро алоқалар асосан қўшма баёнотлар ва ўзаро англашув меморандумлари доирасида амалга оширилмоқда. Бу ҳамкорликнинг институционаллашувини маълум даражада чеклайди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони мамлакатимизнинг демографик салоҳияти ва ёшлар улуши юқорилиги, меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш учун яратилган институционал механизмлар ҳақида маълумот берди.

Учрашув якунида Чехиядаги фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Халқаро миграция ташкилоти ҳисобидан ахборот қўлланмаларини чоп этиш, ватандошларга ёрдам кўрсатиш ва уларни репатриация қилиш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш