Ўзбекистон дипломатлари Польшада вафот этган ватандошимизнинг жасадини ватанга қайтаришга кўмаклашмоқда
Март 25, 2026. 10:44 • 2 дақ
• 96
ВАРШАВА, 25 март. /“Дунё” АА/.Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Польшанинг Жерардов шаҳрида жойлашган Ғарбий Мазовия соғлиқни сақлаш марказида вафот этган ҳамюртимиз билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълум қилинишича, 1993 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида туғилган фуқаро Б.С вирусли инфекция асоратида ривожланган ўткир нафас етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Бу ҳолат суд-тиббий экспертиза хулосасида ҳам тасдиқланган. Унга кўра, организмда кислород етишмовчилиги юзага келиб, ўпка фаолияти ҳамда қон айланиши тизимида жиддий бузилишлар кузатилган.
Элчихона ходимлари марҳумнинг жасадини Ватанга қайтариш бўйича барча зарур ташкилий ишларини амалга оширди. Жумладан, санитария-эпидемиология хизмати ва аэропорт хизматларидан тегишли рухсатлар олиниб, транспортировка учун барча ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Жасадни ташиш билан шуғулланувчи компания марҳумнинг ота-онаси ҳамда иш берувчиси билан боғланди. Жасадни Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи томонидан қопланди.
Ҳозирги вақтда дипломатлар томонидан марҳум жасадини 25-26 март кунлари Ватанга қайтариш бўйича зарур чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси