Ўзбекистон элчихонаси ва “Uma Palata” адвокатлар ҳайъати вакиллари Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳимоясини муҳокама қилди
Ноябрь 20, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 220
МОСКВА, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси дипломатлари “Uma Palata” адвокатлар ҳайъати раҳбарияти билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга малакали ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, иш ҳақи бўйича юзага келган қарздорликни ундириш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган фуқаролар учун компенсация тўловларини ундириш, Ўзбекистон фуқароларининг юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар меҳнат миграцияси соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига тезкор муносабат билдириш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш истиқболларини кўриб чиқди.
Тадбир давомида Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида дипломатик ваколатхона ва юридик ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда ватандошларимизга малакали юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолаш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси