Ўзбекистон ва Япония ўртасида меҳнат миграцияси йўналишида ҳамкорлик ривожлантирилмоқда

Ноябрь 20, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 123
Ўзбекистон ва Япония ўртасида меҳнат миграцияси йўналишида ҳамкорлик ривожлантирилмоқда

ТОКИО, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Япониянинг “Muruudul” компанияси президенти Кота Цунэдзука билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасида меҳнат миграцияси, профессионал таълим ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Япония томони Ўзбекистон ёшларига япон тили ва замонавий касб-ҳунар кўникмаларини ўргатиш, шунингдек, Япония меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларда уларни ишга жойлаштиришга кўмаклашишга қаратилган лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, ушбу йўналишда Ўзбекистоннинг тегишли давлат органлари, вилоят ҳокимликлари ва профессионал таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги бир қатор техникумларда япон тили ва касбга тайёрлаш бўйича машғулотлар ташкил этилган бўлиб, ўқув жараёни япониялик иш берувчиларнинг талаблари ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳа доирасида қурилиш, автомобиль транспорти, юк ташиш, кексаларни парвариш қилиш ва биноларга хизмат кўрсатиш соҳалари учун мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ихтисослашган ўқув юртлари билан ҳамкорликда оғир юк автомобиллари ҳайдовчиларини тайёрлаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Компания вакилларининг маълум қилишича, “Muruudul” нафақат кадрлар тайёрлаш, балки япониялик иш берувчилар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзбекистонлик мутахассисларни ишга жойлаштириш билан ҳам шуғулланади.

Учрашув якунида инсон ресурсларини ривожлантириш, ёшларни касб ва тилга ўргатиш ҳамда Японияда муносиб меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятларини кенгайтириш борасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва белгиланган лойиҳаларни илгари суришга келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш