Ўзбекистон ва Япония ўртасида меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди
Ноябрь 19, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 50
ТОКИО, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ва Япониянинг Хорижий фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ассоциацияси ҳамкорлигида икки мамлакатнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларини ривожлантириш доирасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда ватандошларимизни Японияда ишга жойлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг касбий кўникмалари ва япон тилини билиш даражасини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Япониялик иш берувчилар ва Ўзбекистон ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш борасида фикр алмашилди. Мамлакатимизнинг меҳнат ва кадрлар салоҳиятини Японияда тарғиб қилиш ҳамда япон компаниялари билан алоқалар ўрнатиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Япон томони ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, меҳнат миграцияси, касб-ҳунар таълими ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув давомида ассоциация аъзолари бўлган ҳамда Ўзбекистондан мутахассисларни жалб этишдан манфаатдор япон компаниялари ва ташкилотлари билан алоҳида учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
Бўлиб ўтадиган учрашувларда Япония меҳнат бозори талабларини инобатга олган ҳолда ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва япон компанияларига ишга жойлаштириш масалаларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Томонлар Ўзбекистоннинг меҳнат салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг Японияда ишлаш имкониятларини кенгайтириш ва манфаатдор ташкилотлар ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни давом эттириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси