Татаристондаги дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ватандошлар жасадлари Ўзбекистонга олиб келинди
Август 12, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 48
ТОШКЕНТ, 12 август. /“Дунё” АА/. Татаристон Республикасининг Нижнекамск шаҳридаги объектларга учувчисиз учиш аппаратлари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган саккиз нафар ватандошимизнинг жасади махсус авиарейс билан Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон Президентининг топшириғи билан тузилган Ҳукумат комиссияси фаолияти доирасида Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ватанга етказиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилди”, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби ўзининг telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, 10 август куни Татаристонда жойлашган бир қатор объектларга учувчисиз учиш аппаратлари ҳужум қилган эди. Ҳодиса оқибатида қурилиш корхонасида ишлаган саккиз нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, яна бир қанча фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакатимизнинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ва Қозондаги бош консули Нодиржон Қосимов зудлик билан ҳодиса жойига етиб бориб, маҳаллий масъул идораларда учрашувлар ўтказди. Натижада 12 август куни ҳалок бўлган ватандошларимизнинг жасадлари махсус авиарейс билан Ўзбекистонга олиб келиниши таъминланди.
“Ўзбекистон ТИВ Россия томони билан биргаликда мазкур вазият билан боғлиқ барча масалаларни, жумладан, жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатишни назоратга олди”, – дейилади ТИВ матбуот котиби хабарида.
Ўзбекистон ТИВ сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси