Россиянинг Волгоград вилоятидаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланмоқда
Июль 03, 2025. 09:43 • 58 сония
• 67
ВОЛГОГРАД, 3 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари амалий сафар билан Россиянинг Волгоград вилоятида бўлишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Россия Ички ишлар вазирлигининг Волгоград вилояти бўйича Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Сергей Титов, Экстремизмга қарши кураш маркази ва Миграция масалалари бошқармаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.
Бўлиб ўтган мулоқотлар давомида меҳнат миграциясининг долзарб масалалари, Ўзбекистон фуқароларининг Россияда бўлишининг ҳуқуқий жиҳатлари, ушбу ҳудуддаги миграция ҳолати муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, 2025 йилнинг ўтган беш ойида Волгоград вилоятига 28 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ишлаш мақсадида келган. Россия томони Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан ушбу ҳудуддаги Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган ҳуқуқий ёрдамни қўллаб-қувватлади.
Томонлар, шунингдек, Россия Президентининг тегишли фармонига мувофиқ ушбу мамлакатда бўлган Ўзбекистон фуқароларига патентларни расмийлаштириш, маъмурий ва жиноий иш қўзғатилган юртдошларимиз тўғрисида маълумот алмашиш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар. Ушбу масалалар бўйича тўғридан-тўғри алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Музокараларда, шунингдек, таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва Россия Ички ишлар вазирлигининг Волгоград вилоятидаги академияси ўртасида академик алмашинувни йўлга қўйиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон дипломатлари сафар давомида Волгоград вилоятидаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида бўлиб, ушбу муассасада вақтинча сақлаб турган юртдошларимиз ҳолидан хабар олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Хорватия ва Сербияда бўлиб турган ёки кетаётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди