Россиянинг Хабаровск ўлкасида Ўзбекистон фуқароларини қонуний иш билан таъминлаш бўйича келишувларга эришилди
Август 13, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 155ВЛАДИВОСТОК, 13 август. /“Дунё” АА/. Россиянинг Хабаровск ўлкасидаги “SZ Shante Development” ва “Север Строй” корхоналарида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳамюртларимиз билан учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотлар давомида ватандошларимизга яратилган меҳнат ва маиший шароитлар, хусусан, турар жой, умумий овқатланиш имкониятлари ҳамда иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувларда Бош консулхона томонидан хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга амалий кўмак кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Дипломатлар томонидан турли экстремистик ва халқаро террорчилик ташкилотлари диний ақидалар ниқоби остида фуқароларни зўравонликка, радикал қарашларга, маданий-маърифий ва оилавий қадриятлардан воз кечишга ундашга қаратилган ҳаракатлар хусусида тушунтиришлар берилди.
Ватандошларимиз бундай бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, улардан узоқ бўлиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни асраш ҳамда миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни муносиб тарғиб қилишга чақирилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Иш берувчилар билан ўтказилган учрашувларда корхоналардаги мавжуд бўш иш ўринлари, талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва меҳнат шароитлари ҳақида маълумотлар олинди. Музокаралар давомида қатор мутахассисликлар бўйича мавжуд бўш иш ўринларига ватандошларни қонуний тартибда ишга жалб этиш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбирларда Ўзбекистон фуқароларининг хорижда муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларида фаолият юритишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

