Ўш вилояти ва шаҳри мутасаддилари, туркомпаниялари ва ОАВ вакиллари учун Ўзбекистон бўйлаб инфо-тур ташкил этилди
Ноябрь 19, 2024. 16:11 • 2 дақ
• 115
ЎШ, 19 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида шу йилнинг 16-23 ноябрь кунлари Ўш вилояти ва шаҳри маъмурияти расмий вакиллари, етакчи туркомпаниялар, ОАВ вакиллари ва блогерлардан иборат делегациянинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига инфо-тури ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Инфо-тур дастурига мувофиқ, 18 ноябрь Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм университетида Ўзбекистон-Қирғизистон туризм форуми бўлиб ўтди.
Унда 10 та келишув шартномаси ва 3 та меморандум имзоланди. Шунингдек, Туризм қўмитаси Самарқанд вилояти бошқармаси ва Ўш шаҳар ҳамда вилояти туризм соҳасида ҳамкорлик меморандуми, Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети ва Қирғизистон туризм ассоциацияси ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича меморандумлар тузилди.
Қирғиз делегациянинг навбатдаги учрашувлари бугун Бухоро шаҳрида бўлиб ўтади. Тадбирлар давомида Бухоро ҳокимлигида етакчи туризм компаниялари, ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати, В2В учрашувлар ҳамда томонлар ўртасида меморандумлар имзоланиши ҳамда вилоятларнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат режалаштирилган.
Шунингдек, хорижий делегация вакиллари 21-23 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида қатнашади.
Ярмарка доирасида Хоразм ва Қорақалпоғистон туризм компаниялари, Сингапур менежмент университети ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хорижий дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бюроси вакиллари билан В2В шаклидаги учрашувлар ўтказиш ва томонлар ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси