Logo

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Испаниянинг Сарагоса шаҳрида тақдим этилди

Июль 09, 2025. 15:30 • 2 дақ

56
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Испаниянинг Сарагоса шаҳрида тақдим этилди

САРАГОСА, 9 июль. /"Дунё" АА/. Испаниянинг Сарагоса шаҳрида "Ўзбекистонга саёҳат: Марказий Осиё дурдонаси" мавзусида юртимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тақдимот мамлакатимиз элчихонаси ва Испаниянинг етакчи сайёҳлик компанияларидан бири – "Viajes El Corte Inglés" билан биргаликда ташкил этилди.

Унда "Viajes El Corte Inglés" компанияси ҳамкорлари, ҳудуддаги етакчи сайёҳлик агентликлари ва ишбилармон доиралари вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда Сарагоса шаҳри аҳолиси иштирок этди.

 Йиғилганлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, тарихий-маданий диққатга сазовор жойлари, анъаналари, миллий ошхонаси ҳамда хорижий сайёҳларга яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги муҳим маълумотлар билан танишдилар.

 "Viajes El Corte Inglés" вакилларининг айтишича, ҳудудда бундай форматдаги тадбир биринчи марта кўплаб иштирокчиларни жалб этган ҳолда ўтказилмоқда.

"Тақдимот ҳақидаги ахборот материаллари ва эълон ҳудуддаги оммабоп "El Periódico de Aragón" газетасида чоп этилгани кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Шунингдек, уларнинг Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бўлган қизиқишини оширди", – деди компания ходими.

Шунингдек, анжуман давомида Ўзбекистон томони билан шерикликни кенгайтириш истагида бўлган сайёҳлик агентликлари билан музокаралар ўтказилди. Музокаралар якунда Ўзбекистонни янги ва ўсиб бораётган туризм маркази сифатида Испаниянинг бошқа ҳудудларида ҳам тарғиб қилиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш бўйича келишувга эришилди.

Дунё бўйлаб 500 дан ортиқ ваколатхоналарга эга бўлган "Viajes El Corte Inglés" компанияси Испания сайёҳлик бозорининг асосий иштирокчиларидан бири ҳисоблади. Ушбу компаниянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қизиқиши мамлакатимизни Испания бозорида илгари суриш учун янги истиқболларни очади ва икки томонлама туризм алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантиради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш