Ўзбекистон ва Қатар сайёҳлик соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Июль 14, 2025. 14:59 • 2 дақ
• 67
ДОҲА, 14 июль. /"Дунё" АА/. Доҳа шаҳрида "Ўзбекистон – Қатар" халқаро туризм форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбир икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини араб давлатларида тарғиб қилиш ва туризм соҳаси вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Форумда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, етакчи туроператорлари, авиакомпаниялари, инвестиция ва савдо тузилмалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирнинг очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев ҳамда Қатар туризм соҳаси вакиллари сўзга чиқиб, сайёҳлик алмашинувини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини айтиб, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрликларини таъкидладилар.
Форум доирасида "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" тақдимоти ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари, ноёб сайёҳлик йўналишлари, зиёрат, тиббий, гастрономик ва экологик туризм соҳасидаги инфратузилма лойиҳалари ҳамда имкониятлари ёритиб берилди. Араб мамлакатларидан келувчи сайёҳлар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, форумда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, "Саноатқурилишбанк", "Арда Хива", "Зомин", "Мираки" ва "Ғелон" туристик қишлоғига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
"Qatar Airways" авиакомпанияси томонидан Доҳа ва Тошкент шаҳарлари ўртасидаги ҳафтасига тўрт марта тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилгани таъкидланди.
"В2В" ва "G2D" форматидаги икки томонлама учрашувлар катта қизиқиш уйғотди. Бу учрашувлар сайёҳлик бизнесининг вакиллари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш ва сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш механизмларини муҳокама қилиш имконини берди. Қатар туроператорлари ва оммавий ахборот воситалари учун Ўзбекистонга инфо-турларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, кенг жамоатчилик учун маданий-тақдимот кўргазмаси ўтказилди. Кўргазмада Ўзбекистоннинг табиий ва меъморий диққатга сазовор жойларининг фотосуратлари, халқ ҳунармандчилиги буюмлари намойиш этилди, шунингдек, ўзбек миллий таомларини татиб кўриш имконияти яратилди.
Ўзбекистон санъат усталари томонидан тақдим этилган ўзбек миллий қўшиқлари ва рақсларидан иборат маданий дастур йиғилганларга катта таассурот қолдирди.
Мазкур форум Қатар аҳолисининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётганини тасдиқлади ва туризм соҳасида барқарор ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди