"KBS": Ўзбекистон афсонавий Буюк ипак йўлининг ҳақиқий қалби
Июнь 18, 2025. 15:30 • 3 дақ
• 62
СЕУЛ, 18 июнь. /"Дунё" АА/. Корея Республикасининг етакчи "KBS" телеканалида "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат: Буюк ипак йўлининг юраги" теледастури доирасида юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган махсус кўрсатув эфирга узатилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур теледастур "KBS" телеканали ижодкорларининг Ўзбекистонга амалга оширган сафари давомида суратга олинган. Дастурда Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Жиззах каби шаҳарларимизнинг бой тарихи, бетакрор маданий анъаналари ҳамда сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумотлар томошабинлар эътиборига тақдим этилган.
"Афсонавий Буюк ипак йўли нафақат қадимий савдо йўли, балки асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни бирлаштирган, маданий, илмий ва иқтисодий кўприкдир. Ўзбекистон ушбу қадимий йўлнинг ҳақиқий қалби бўлиб, у ерда табиатнинг нозик ва ҳайратланарли гўзаллиги билан бой тарихий мероснинг мукаммал уйғунлиги ажойиб бир симфония сифатида намоён бўлади", – дея таъкидлаган кўрсатув бошловчиси.
Дастурдаги саёҳат йўли фақат савдо ва иқтисодий алоқалар эмас, балки авлоддан-авлодга ўтган бебаҳо санъат, ҳикмат ва анъаналарни ўрганишга йўналтирилган. "Марказий Осиёда ўтган буюк империялар ва санъат асарлар, миллий таомлар ва ҳунармандчилик намуналари бу тарихни тирик сақлаб келмоқда. Чексиз кенгликдаги табиат манзаралари саёҳатчиларга илҳом ва эркинлик туйғусини бағишлайди", – дейди журналист.
Маълум қилинишича, Сеулдан Тошкент орқали амалга оширилган саккиз соатлик парвоздан сўнг, саёҳатчилар қадимий ва замонавийлик уйғунлашган Самарқандга боради. Бу шаҳарда XV асрда Улуғбек томонидан барпо этилган обсерватория инсон ақлининг чексиз салоҳиятини намоён этади. Телескопсиз тузилган аниқ астрономик хариталар бу ернинг илмий аҳамиятини янада оширади. Шохи-Зинда мақбараси эса нафақат тарихий ёдгорлик, балки муқаддас ва руҳий муҳит марказидир. Гўзал ёруғ плиткалар ва исломий дафн анъаналари бу жойда буюк осойишталик муҳитини яратади.
Саёҳат замонавийликка қайтиб, Жанубий Кореянинг "KTX" тезюрар поездига ўхшаш "Афросиёб" поездида давом этади. "Бу поездда Жиззахга етиб борилганда, яшил тепаликлар ва Зомин миллий боғининг қалин ўрмонлари саёҳатчиларга табиат билан уйғунликда дам олиш имконини беради. Чимён тоғининг баланд чўққисига етказувчи лифт орқали ҳайратланарли манзаралар очилади, экстрим мухлислари эса зиплайн ва парапланеризм каби спорт турлари билан табиатнинг гўзаллиги остида янги ҳис-туйғуларга эга бўлади", –дейилган дастурда.
Хивада вақт тўхтагандай туюлади. Қадимий деворлар, анъанавий қудуқлар ва тор кўчалар ўтмишнинг сирлари ва тарихий ҳикояларини сақлаб келмоқда. Силкма чўгирма эса маҳаллий маданият рамзи сифатида ўз ўрнини сақлаб, нафақат қуёшдан ҳимояловчи, балки дам олиш учун қулай бош кийими саналади.
"Калта минор – Хиванинг энг ғоят ғайриоддий ва машҳур миноралардан бири бўлиб, қадимий шаҳарнинг ўзига хос ва эътиборли рамзига айланган. Бу беназир меъморий ёдгорлик нафақат Хивага ўзига хослик бағишлайди, балки у ердан бутун дунёга тарқалган «алгоритм» сўзининг илк манбаи эканлиги кўпчилик учун кутилмаган ва ҳайратланарли ҳақиқатдир", – дея қайд этилган кўрсатувда.
Дастур муаллифлари Хивада ҳар йили ўтказиладиган халқаро Бахшичилик фестивали – мусиқий ва маданий ҳамжиҳатлик рамзи сифатида эътироф этилган. "Бу тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан анъанавий мусиқачилар йиғилиб, дўстона чой маросими орқали самимийликни намоён этадилар. Жанубий Корея ижодий жамоаси ушбу фестивалда машҳур "Мирянг Ариран" қўшиғини замонавий ва анъанавий мусиқий усулларда ижро этиб, томошабинларни ўзига ром этди", – дейди мухбири.
Кўрсатув "Ушбу саёҳат Ўзбекистонни тарих, табиат ва мусиқанинг мукаммал уйғунлигида намоён этадиган, жаҳон маданий меросида ўзининг алоҳида ўрнига эга мамлакат сифатида қайта кашф этишга ёрдам беради", – деган сўзлар билан якунланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди