Logo

“Бойсун баҳори”дан “Лазги”гача: Польшалик блогер Ўзбекистон ҳақида эксклюзив контент тайёрлайди

Февраль 25, 2026. 12:38 • 47 сония

92
“Бойсун баҳори”дан “Лазги”гача: Польшалик блогер Ўзбекистон ҳақида эксклюзив контент тайёрлайди

ВАРШАВА, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Польшадаги элчихонасида европалик таниқли блогер Камил Чихоцкий билан Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш масалаларига бағишланган суҳбат бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг бой маданий меросини Польша ва Европа аудиториясига янгича, ноанъанавий форматларда тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди. Камил Чихоцкий юртимизга ташриф буюришга катта қизиқиш билдириб, фақатгина классик сайёҳлик йўналишлари билан чекланмай, ноодатий ва эксклюзив контент тайёрлаш ниятида эканини таъкидлади.

Ташриф дастури доирасида Сурхондарё вилоятининг бетакрор табиати ва анъаналарини ўзида жамлаган “Бойсун баҳори” фестивали, миллий рақс санъатимизни дунёга танитувчи “Лазги” халқаро фестивалини ёритиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, Термиз шаҳридаги “AIRITOM” эркин иқтисодий зонасининг логистика ва инвестициявий салоҳияти ҳақида махсус контент тайёрлаш масаласи ҳам музокаралар марказида бўлди.

Ушбу лойиҳа Польша ва Европанинг қолган мамлакатларидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш