Британия сайёҳлик компанияси Ўзбекистон бўйлаб премиум-турни тақдим этди

Сентябрь 07, 2026. 12:30 • 2 дақ

170
Британия сайёҳлик компанияси Ўзбекистон бўйлаб премиум-турни тақдим этди

ЛОНДОН, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур сайёҳлик компанияси “Trailfinders” ўзининг онлайн платформаларида “Premium Uzbekistan” махсус турини жойлаштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дастур 10 кунга мўлжалланган бўлиб, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивага ташрифни ўз ичига олади. Тур Буюк Ипак йўли тарихи ва мамлакатнинг маданий мероси билан танишишни гастрономик ҳамда ҳунармандчилик дастурлари билан уйғунлаштиради.

Ушбу пакет “Premium” тоифасига киради ва юқори даражадаги меҳмонхоналарда жойлашиш, индивидуал транспорт ҳамда маҳаллий гидлар хизматини кўзда тутади.

Шунингдек, дастурга Тошкентдан Самарқандга “Афросиёб” тезюрар поездида саёҳат қилиш, палов пишириш бўйича маҳорат дарси ва маҳаллий оила билан учрашув, Бухородаги ҳунармандчилик устахонасига ташриф буюриш ҳамда Хивада миллий таомларни тайёрлаш бўйича амалий машғулот ҳам киритилган.

Шунингдек ўқинг

Тошкентда сайёҳларга маданий объектлар ва Чорсу бозорини зиёрат қилиш, бошқа шаҳарларда эса маҳаллий ошхона, анъаналар ва ҳунармандчилик билан танишиш таклиф этилади.

“Trailfinders” 1970 йилдан буён фаолият юритиб келади ва индивидуал халқаро саёҳатларга ихтисослашган. Компания Буюк Британия ва Ирландияда 47 та сайёҳлик марказига ҳамда 750 нафардан ортиқ маслаҳатчидан иборат штатга эга.

“Premium Uzbekistan” турининг компания платформасида жойлаштирилиши билан бир вақтда “Trailfinders” Ўзбекистонга махсус тадқиқот сафарини ҳам ташкил этмоқда. Бу Британия сайёҳлик бизнесининг мамлакат бўйича таклифларни кенгайтиришдан амалий манфаатдор эканини кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш