Logo

Ўзбекистон Москвада ўтаётган "MITT-2025" халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда

Март 20, 2025. 10:39 • 2 дақ

144
Ўзбекистон Москвада ўтаётган "MITT-2025" халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда

МОСКВА, 20 март. /"Дунё" АА/. 18-20 март кунлари Москва шаҳрида "MITT-2025" туризм ва меҳмондўстлик саноати халқаро кўргазмаси бўлиб ўтяпти, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон туризм қўмитаси, "Uzbekistan Airways" ва миллий сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этяпти.


Юртимиз делегацияси томонидан Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди. Стендда миллий анъана ва маросимлар, шунингдек, мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари тақдим этилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон стендига меҳмонлар томонидан юқори қизиқиш билдирилаётир. Кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ҳамда миллий рақсларимиз ва туризм турлари ҳақида маълумот берилди.


Анжуман доирасида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси стенди ҳам тақдим этилди. Компания ходимлари маҳаллий бизнес ва туризм соҳаси вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Уларда Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди.


Қайд этиш керакки, Ўзбекистон россияликлар орасида қадимий тарихи ва бой маданий мероси билан ўзига жалб этувчи ТОП-10 туристик йўналишлар қаторига киради.


"MITT-2025" туризм ва меҳмондўстлик саноати халқаро кўргазмаси Москвада ўттиз йилдан бери мунтазам ўтказиб келинмоқда. Кўргазма халқаро ҳамжамият томонидан туризм ва меҳмондўстлик саноатидаги бизнес муаммоларини ҳал қилиш учун самарали В2В шаклидаги тадбир сифатида эътироф этилади. Ҳар йили "MITT" Россия ҳудудлари ва дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳлик саноати мутахассисларининг энг йирик ҳамжамиятини бир майдон атрофида тўплайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш