Logo

Ўзбекистон делегацияси нуфузли “ITB Berlin 2026” халқаро туризм ярмаркасида қатнашди

Март 10, 2026. 11:35 • 4 дақ

185
Ўзбекистон делегацияси нуфузли “ITB Berlin 2026” халқаро туризм ярмаркасида қатнашди
Ўзбекистон делегацияси нуфузли “ITB Berlin 2026” халқаро туризм ярмаркасида қатнашди
Ўзбекистон делегацияси нуфузли “ITB Berlin 2026” халқаро туризм ярмаркасида қатнашди
Ўзбекистон делегацияси нуфузли “ITB Berlin 2026” халқаро туризм ярмаркасида қатнашди

БЕРЛИН, 11 март. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида туризм соҳасида дунёдаги йирик кўргазмалардан бири “ITB Berlin 2026” халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дунё туризм саноатининг етакчи саналадиган “ITB Berlin” халқаро ярмаркаси 1966 йилдан буён ўтказиб келинади. Ярмарка доирасида “ITB Berlin” халқаро конгресси ҳам бўлиб ўтади. Мазкур конгрессда спикерлар иқтисодиёт, фан ва сиёсат соҳасидаги халқаро ҳамкорликка оид кўплаб мавзуларда фикр алмашади.

“Berlin Messe” ярмарка майдонида ташкил этилган бу галги ярмарка халқаро туризм кўргазмасининг 60 йиллик юбилейига бағишланди. Нуфузли тадбирда дунёнинг 170 та давлатидан туризм, гастрономия, логистика, туризм технологиялари каби соҳаларига ихтисослашган йирик компания ва фирмалар вакиллари қатнашди.

Ўзбекистондан Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов бошчилигидаги ўзбек туркомпанияларидан иборат делегация иштирок этди.

Ярмаркада юртимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида Туризм қўмитаси томонидан 200 квадрат метр майдонда Ўзбекистон миллий стендида ташкил этилди. Ушбу стендда 20 дан зиёд туркомпания, меҳмонхона ва авиакомпаниялар иштирок этди.

Хусусан “Hilton”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Centrum Air”, “Qanot sharq”, “Orient Star”, “Travel Factory”, “People travel”, “International caravan travel service”, “Antique Travel”, “Sezam TiaveJ”, “Creative Tours”, “Onent mice”, “Asialuxe”, “Assalam travel”, “Arda xiva” ва бошқа сайёҳлик компания ва фирмалари юртимиз туризм салоҳиятини намойиш этди.

Миллий стендда Ўзбекистон сайёҳлик имкониятларга бағишланган видеороликлар, кўргазмали суратлар, гастрономик ва бошқа турли туристик имкониятлари акс эттирилган тарқатма материаллар тақдим этилди.

Ярмарка давомида Ўзбекистон миллий стендига ташриф буюрган берлинликлар ва шаҳар меҳмонлари, хорижий туркомпаниялар учун Туризм қўмитаси делегацияси вакиллари Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, туризм инфратузилмаси, сўнгги йилларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов ҳамроҳлигида халқаро даражадаги етакчи соҳа компаниялари билан қатор учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, стендимизга ташриф буюрган БМТ Туризм Бош котиби Шайҳа Нассер Ал Новаис Ўзбекистон томони илгари сурган ташаббус асосида 2027 йилнинг “Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” деб эълон қилинганини эътироф этиб, мамлакатимиз туризмига алоҳида қизиқиш билдирди.

Шунингдек, ўзбек делегацияси Германия ва Европадаги йирик туризм холдинги ҳисобланган “TUI Group”, “DRV”, “Trip.com”, “Expedia Group” саёҳат компаниялари, “Private Palace Hotels & Resorts” ва “Titanic Hotels Group” каби меҳмонхона тармоқлари, Швейцариядаги Люцерн меҳмонхона коллежи ҳамда Халқаро конгресс ва конвенция ассоциацияси (IССА)  раҳбарияти ва бошқа қатор етакчи компания вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Читайте также

Музокаралар давомида ўзбек миллий туристик маҳсулотларни онлайн платформалар орқали сотиш, янги бозорлар учун махсус кампания ва саҳифалар яратиш, тарихий мажмуаларни глобал хариталарга киритиш ва йирик халқаро тадбирларни мамлакатга жалб қилиш, тарихий шаҳарларда люкс меҳмонхоналар қуриш, соҳада халқаро таълим стандартларини жорий этиш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди.

Ярмаркада халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари, тарихий шаҳарлари, бой қадриятлари ва урф-одатларига катта қизиқиш билдирди. “Дунё” АА мухбири кўргазма иштирокчилари фикри билан қизиқди.

“Private Palace Hotels & Resorts” компанияси бошқарув директори Гино Леонҳард:

– “ITB Berlin 2026” халқаро ярмаркасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси ҳамда мамлакатингизнинг Германиядаги элчиси билан самимий ва дўстона суҳбат ўтказдик. Мулоқот давомида келгусида Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар ҳақида фикр алмашдик.

“Private Felles Hotels” Ўзбекистон билан ҳамкорликка анча пайтдан бери қизиқиб келади. Суҳбат давомида яқин келажакда илк лойиҳаларни бошлаш имкониятига ишончимиз ортди ва бунга умид билдириб қоламиз. Учрашувда Самарқанд, Тошкент ва Бухоро каби кўҳна ва ҳамиша навқирон машҳур шаҳарлари ва ҳудудлардаги янги туризм имкониятлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистонга икки марта борганман. Менга бу мамлакатнинг нафақат Ипак йўлида жойлашуви, балки бой маданий мероси, қизиқарли тарихи ва албатта, ажойиб таомлари жуда ёққан. Яқин келажакда ҳамкорликни бошлаймиз деган умиддаман.

Берлиндаги “Titanic Hotels Group” меҳмонхона тармоғи вакили ва бренд элчиси Ҳикмет Гювенч:

– Ўзбекистон миллий стендида вакилларингиз билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдим. Мамлакатингиз иқтисодий жиҳатдан жуда тез ривожланмоқда. Шунинг учун ҳамкорликнинг кўп имкониятлари мавжуд. Масалан, ўзим меҳмонхона соҳасида фаолият юритаман. Агар қизиқиш бўлса, келажакда Ўзбекистонда ҳам меҳмонхонамиз тармоғини очиш имкониятини кўриб чиқамиз, албатта.

Юртингиз Ипак йўлидаги бой маданий мероси маркази сифатида туризм соҳасида катта имкониятларга эга ва мен мамлакатингизга ушбу йўналишда муваффақиятлар тилайман. Фикримча, яқин келажакда Ўзбекистон жозибадор ва қизиқарли туристик манзилига айланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш