Logo

Жанубий Кореяда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди

Июнь 12, 2025. 16:50 • 3 дақ

39
Жанубий Кореяда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди

СЕУЛ, 12 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида Жанубий Корея пойтахтида юртимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган бизнес-форум ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Жанубий Кореянинг 80 дан ортиқ маҳаллий сайёҳлик компаниялари, маҳаллий ОАВ ходимлари, блогер ва ютуберлар ҳамда Ўзбекистоннинг "Orient star", "Central Asia", "Travel rentcar", "Dekor travel" туркомпаниялари ҳамда "Uzbekistan Airways",  "Qanot Sharq", "Centrum Air" ва "T’Way" авиакомпаниялари вакиллари иштирок этди.


Тадбир доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва ўзбек туркомпаниялари томонидан мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.


Элчихона дипломатлари томонидан мамлакатимизда туризм соҳасида сўнгги йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан туризм соҳасида ўрнатган ҳамкорлик алоқалари, мамлакатимизда сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича шароитлар, уларнинг хавфсизлиги таъминлашда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.


Делегация таркибида келган миллий туркомпания вакиллари Ўзбекистоннинг тарихий ва сайёҳлик марказлари, Бухоро, Самарқанд, Хива вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм дастурлари, жумладан "маданий туризм", "зиёрат туризми" (буддизм), "гастротуризм", "ишбилармонлик туризми" (MICE) каби турпакетларни тақдим қилишди


Сайёҳлик форуми доирасида Ўзбекистоннинг энг йирик ва замонавий туризм объектларидан бири – "Амирсой" дам олиш масканининг тақдимоти ташкил этилди. Тақдимот давомида мазкур кўп функцияли туристик мажмуанинг илғор инфратузилмаси, халқаро стандартларга жавоб берадиган сервис хизматлари, мавжуд салоҳияти ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиялари тўғрисида батафсил маълумот берилди.


"Амирсой" дам олиш маскани нафақат маҳаллий, балки халқаро сайёҳлар учун ҳам йил давомида фаолият кўрсатувчи юқори даражали спорт ва дам олиш мажмуаси сифатида жозибадор экани алоҳида таъкидланди.


"Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг Сеулдаги вакили Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар учун яратилган қулайликлар, жумладан, бугунги кунда Тошкент-Сеул-Тошкент йўналиши ҳафтасига 7 марта тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари мавжудлиги ҳамда келажакда Пусан-Тошкент-Пусан йўналиши бўйича авиақатновлар режалаштирилганлигини маълум қилди.


Бундан ташқари, бошқа авиакомпаниялар вакиллари ҳам тақдимотлар билан иштирок этиб, ўз хизматлари ва таклиф этилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Жумладан, "Qanot Sharq" авиакомпанияси 2025 йил 4 июнь куни Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрига илк тўғридан-тўғри парвозни амалга оширгани қайд этилди. Шунингдек, "Centrum Air" авиакомпанияси июль ойидан бошлаб Тошкент – Сеул – Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишини маълум қилди.


Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда  бўлган Жанубий Корея фуқаролари ҳам сўзга чиқдилар. Хорижлик меҳмонлар мамлакатимизнинг маданий-меъморий жозибадорлиги, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги, Ўзбекистондаги яшаш ва ҳаракатланиш учун қулай шароитларни юқори баҳолашди.


Тадбир доирасида ўзбек миллий таомлари тақдим этилди. Меҳмонлар халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари ва гастрономик маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, ранг-баранг миллий рақслар ва жонли мусиқий чиқишлари орқали юртимизнинг ноёб ва хилма-хил маданий мероси намоён этилди. Бу чиқишлар форум иштирокчиларида катта таассурот қолдириб, Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширди.


Тадбирнинг муҳим қисми ҳисобланган икки мамлакат туроператорларининг "В2В" шаклидаги учрашуви давомида республикага Жанубий Кореядан сайёҳлар оқимини ошириш ва янги туризм дастурларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.


Ўзбекистон-Жанубий Корея сайёҳлик бизнес-форуми икки давлат сайёҳлик компаниялари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Форум иштирокчиларга ҳамкорлик ва сайёҳлар учун янги йўналишларни ишлаб чиқиш имкониятларни ўрганиш учун платформа тақдим этди. Мазкур тадбир, шунингдек, Ўзбекистон туризм индустриясининг юксалиши ва ривожланишига, мамлакатимизнинг жаҳон туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш