Logo

Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон-Малайзия туризм форуми бўлиб ўтди

Апрель 21, 2025. 18:35 • 2 дақ

132
Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон-Малайзия туризм форуми бўлиб ўтди

КУАЛА-ЛУМПУР, 21 апрель. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон-Малайзия туризм форуми ва "B2B" шаклидаги учрашувларни ташкил қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбир Малайзиядаги энг йирик сайёҳлик кўргазмаси – "МАТТА Fair" олдидан ушбу мамлакат туроператорларини Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти билан янада яқиндан таништириш мақсадида ўтказилди.  

Унда Куала-Лумпур шаҳри мэри ўринбосари Исмади бин Сакирин, Малайзия Ислом туризми маркази директори Нур Алиса Коралин Юссин, "Tourism Malaysia" агентлиги, "BUMITRA" ва "PAPUH" туризм ассоциациялари раҳбарлари ва маҳаллий сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев иштирокчиларга Ўзбекистонда турли жабҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, хорижий сайёҳларга яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Кобилов иштирокчиларга мамлакатимизда мусулмон сайёҳлар учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида сўзлаб берди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг тарихий ва сайёҳлик марказлари, Самарқанд вилоятининг туризм дастурлари, жумладан "маданий туризм", "зиёрат туризми", "Умра+", "гастротуризм", "ишбилармонлик туризми" (MICE) каби турпакетлари тақдим қилинди.

"Uzbekistan Airways" авиакомпанияcи вакиллари Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар учун яратилган қулайликлар, жумладан, бугунги кунда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида авиакомпаниянинг тўғридан-тўғри қатновлари мавжудлиги ҳақида ахборот беришди.

Икки мамлакат туроператорлари ўртасида ўтказилган "B2B" шаклидаги учрашувлар давомида Ўзбекистонга малайзиялик сайёҳлар оқимини янада ошириш ва туризм дастурлари бўйича фикр алмашилди.

Республика "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари иштирокида миллий ҳунармандчилик, амалий санъат, енгил саноат ва ипак маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилди. Шунингдек, ўзбек гастрономик туризм салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида тадбир доирасида миллий таомлар, шу жумладан Самарқанд палови тайёрланди. 

Ўзбекистон-Малайзия туризм форуми якунида биргаликда янги турпакетларни ишлаб чиқиш орқали юртимизга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш