Logo

Лондон шаҳрида Ўзбекистон ва Буюк Британия туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди

Июнь 25, 2025. 15:38 • 2 дақ

58
Лондон шаҳрида Ўзбекистон ва Буюк Британия туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди

ЛОНДОН, 25 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон ва Буюк Британия сайёҳлик сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бизнес-форумда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, юртимиз элчихонаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, етакчи туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари, шунингдек, Буюк Британиянинг таниқли туркомпаниялари, авиация, меҳмонхона ва инвестиция соҳалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги имконият ва лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, электрон виза тизими, сайёҳлик инфратузилмасини яхшилаш, янги маршрутлар ва сервислар яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон Европа бозори учун хавфсиз, экзотик ва бой маданий меросга эга бўлган замонавий туристик йўналиш эканлиги алоҳида таъкидланди.

Анжуман доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Йиғилганлар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Нукус каби шаҳарларимиз, юртимизнинг экотуризм, гастротуризм ва зиёрат туризми борасида имкониятлари билан танишишди.

Форумнинг британиялик иштирокчилари Ўзбекистонни ўзининг ноёб тарихий шаҳарлари, маданий хилма-хиллиги, самимий ва меҳмондўст халқи ҳамда жозибали туристик йўналишлари билан сайёҳлар учун нафақат хавфсиз ва мақбул, балки маданият ва тарих билан бойитилган бетакрор йўналиш сифатида қизиқтириб бораётганини таъкидлашди.

Лондонда бўлиб ўтган бизнес-форум икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, сайёҳлик соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш