Logo

Малайзия билан туризм ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади

Апрель 23, 2025. 10:33 • 42 сония

70
Малайзия билан туризм ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 23 апрель. /"Дунё" АА/. Самарқанд вилояти ҳоким ўринбосари Рустам Қобилов бошчилигидаги юртимиз делегацияси Малайзияга амалий сафари давомида Туризм, санъат ва маданият вазирлиги, Куала-Лумпур шаҳри мэрияси, Ислом туризми маркази, "BUMITRA" ва "PAPUH" туризм ассоциациялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги туризм ва маданият соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Малайзия вакилларига Самарқанд вилоятининг инвестициявий ва туризм салоҳияти, ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни янги бозорларга экспорт қилиш, ҳудудда янги сайёҳлик инфратузилмаларини барпо этиш, хорижий сайёҳлар ва инвесторлар оқимини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Томонлар Куала-Лумпур шаҳри мэрияси вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш, Малайзия пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш, ушбу мамлакат аҳолиси ўртасида Самарқанд сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш