Малайзияда "Умра плюс Ўзбекистон" зиёрат туризм пакетлари жорий қилинади
Февраль 26, 2025. 15:52 • 3 дақ
• 126
КУАЛА-ЛУМПУР, 26 февраль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида "Умра плюс Ўзбекистон" мавзусида юртимизнинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ва "B2B" шаклидаги учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Малайзия Ислом туризм маркази (ITC), Малайзия сайёҳлик компаниялари ассоциацияси (MATTA), Маҳаллий мусулмон сайёҳлик компаниялари ассоциацияси (BUMITRA), Ҳаж ва умрага юборувчи сайёҳлик компаниялари ассоциацияси (PAPUH) ҳамда етакчи туроператорлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев анжумандаги нутқида иштирокчиларга юртимизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Чет эллик сайёҳларни республикага кенг жалб қилиш мақсадида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун визасиз режим амал қилиши қайд этилди.
2025 йил 4-5 февраль кунлари Малайзияга олий даражадаги ташриф доирасида Пинанг штатида "Ўзбекистон-Малайзия туризм форуми" муваффақиятли ўтказилганлиги, "Умра плюс Ўзбекистон" дастурлари доирасида малайзиялик зиёратчиларни республикага жалб қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга республика туркомпаниялари томонидан тақдим этилаётган сайёҳлик хизматлари, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм дастурлари, "Умра плюс Ўзбекистон", "зиёрат туризм" каби турпакетлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
"Умра плюс Ўзбекистон" дастури доирасида малайзияликларнинг умра зиёратидан олдин тўрт кун давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ташриф буюришлари кўзда тутилган.
"Uzbekistan Airways" авиакомпанияcининг Куала-Лумпурдаги ваколатхонаси вакиллари ўз тақдимотларида бугунги кунда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжудлигини таъкидладилар. Ушбу тўғридан-тўғри авиақатновлар Марказий Осиё ва Жанубий-Шарқий Осиё минтақалари ўртасидаги сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Икки мамлакат туроператорларининг "B2B" шаклидаги учрашувлари доирасида "Умра плюс Ўзбекистон" турпакети сотувини Малайзияда кенг йўлга қўйиш орқали мамлакатимизга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Тадбир доирасида ўзбек миллий ҳунармандчилик, сопол, ва амалий санъат маҳсулотлари намойиши ташкил қилинди. Ўзбек гастрономик туризм салоҳиятини малайзияликларга яқиндан таништириш учун меҳмонларга юртимизда ишлаб чиқарилган қуруқ мевалар ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари таклиф этилди.
Хаирул Ридзуван, Малайзиянинг "Ansync Global" компанияси вакили:
– Ўзбекистон зиёрат туризмига бағишланган тақдимот ва "B2B" шаклидаги учрашувлар Малайзия туркомпания вакиллари учун жуда қизиқарли бўлди. Компаниямиз Малайзияда Ўзбекистон сайёҳлик маҳсулоти ва "Uzbekistan Airways"нинг авиачипталари сотуви билан шуғулланади.
Малайзиялик мусулмонлар учун махсус "Умра плюс Ўзбекистон" зиёрат турпакетлари ишлаб чиқилганлиги бизни қувонтирди. Эндиликда малайзиялик сайёҳлар умра зиёратидан олдин Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги бир қатор ислом дунёсида машҳур зиёратгоҳларга ташриф буюриш имконига эга бўладилар.
Шунингдек, ушбу тақдимот доирасида республикадаги туроператорлар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Улар билан жорий йилда Ўзбекистон турпакетларини Малайзия бозорида тарғиб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришдик.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги тарихий зиёратгоҳлар, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, ўзбек миллий таомлари биз юборган малайзиялик сайёҳларда катта таассурот қолдирмоқда.
Компаниямиз Малайзиядан Имом Бухорий юрти бўлган Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди