Ўзбекистон ва Хорватия фавқулодда вазиятлар соҳасида мутахассислар тайёрлаш борасида ҳамкорлик қилади
Ноябрь 08, 2026. 14:00 • 1 дақ
• 26
ЗАГРЕБ, 8 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ва Загреб университети ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг элчихонаси кўмагида ФВВ Академияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Фурқатжон Назаров ва Загреб университети Электротехника ва ҳисоблаш техникаси факультети декани, профессор Ведран Билас ўртасида онлайн музокаралар ўтказилди.
Томонлар академик ва илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини, жумладан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда сунъий интеллект, робототехника ва замонавий рақамли технологияларни қўллаш, шунингдек, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ҳамда киберхавфсизлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунлари бўйича Загреб университети профессор-ўқитувчиларини ФВВ Академиясининг ўқув жараёнига жалб этиш, ўзбек курсантлари учун махсус ўқув курсларини ташкил қилиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қўшма илмий-тадқиқот тадбирларини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси