Покистонда бўлиб ўтган халқаро туризм фестивалида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди
Ноябрь 10, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 80ИСЛОМОБОД, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 6-8 ноябрь кунлари Покистон пойтахти Исломободда бўлиб ўтган “Pakistan Tourism, Sports & Family Festival 2026” халқаро туризм фестивалида Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туризм, маданият, спорт, гастрономия, ҳунармандчилик ва оилавий-кўнгилочар хизматлар каби йўналишларини бирлаштирган ушбу халқаро фестивалда Покистон ҳудудлари билан бир қаторда хорижий мамлакатлар дипломатик ваколатхоналари, туризм ташкилотлари ва авиакомпаниялар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон миллий павильони ўзининг ўлчами, миллий руҳ ва замонавий тақдимот услубини уйғунлаштирган безаги, мазмунан бой экспозицияси ҳамда меҳмондўстлик муҳити билан алоҳида ажралиб турди.
Хусусан, юртимиз павильонида мамлакатимизнинг зиёрат, маданий, гастрономик, тиббий, ишбилармонлик ва MICE-туризм салоҳияти, туристик инфратузилма, замонавий хизматлар ҳамда сайёҳлик манзилгоҳлари кенг тарғиб қилинди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон ва бошқа ҳудудларнинг бой тарихий ва маданий мероси, табиати ва зиёратгоҳлари акс этган материаллар намойиш этилди.
Павильонда, шунингдек, “Made in Uzbekistan” махсус кўргазмаси ташкил этилиб, унда миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналари, ўзбек миллий либослари, чолғу асбоблари ва маданиятимизни акс эттирувчи турли маҳсулотлар жойлаштирилди.
Ўзбекистон павильонига Покистон режалаштириш, ривожланиш ва махсус ташаббуслар федерал вазири Аҳсан Иқбал, ахборот ва радиоэшиттириш вазири Аттауллаҳ Тарар, темир йўллар вазири Ҳаниф Аббаси, Покистон Бош вазирининг туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Сардар Ясир Ильяс Хан, Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Афтаб Ур Реҳман Рана ташриф буюрди.
Расмий меҳмонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган янгиланишларни юксак баҳолади. Шунингдек, улар Ўзбекистоннинг мазкур жабҳадаги тажрибаси бошқа мамлакатлар учун намуна эканлигини таъкидладилар.
Покистон томонига павильон концепцияси, сайёҳлик йўналишлари ва экспозициялар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бўлимига келган меҳмонлар ўзбек миллий либосларини кийиб фотосуратларга тушди, миллий таомларимиздан татиб кўрди, мамлакатимиз тарихи, маданияти, сайёҳлик манзилгоҳлари ва уларнинг имкониятлари ҳақидаги саволларига жавоб олди.
Ташриф буюрувчилар ўртасида махсус интерактив ўйин ташкил этилди. Унда ғолиб бўлган 6 та иштирокчига Ўзбекистонга бепул саёҳат йўлланмалари тақдим этилди.
Тадбирнинг ишбилармонлик дастури доирасида мамлакатимиз дипломатлари Покистон ва бошқа давлатлар туркомпаниялари вакиллари билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказишди.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, фестиваль майдонида 500 дан ортиқ кўргазма ва савдо павильонлари ташкил этилди. Уларга уч кун давомида 1 миллиондан ортиқ меҳмон келди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




