Logo

Олмаотада халқаро кўргазмада Ўзбекистон туризм имкониятлари намойиш қилинди

Апрель 27, 2026. 11:55 • 2 дақ

659
Олмаотада халқаро кўргазмада Ўзбекистон туризм имкониятлари намойиш қилинди
Олмаотада халқаро кўргазмада Ўзбекистон туризм имкониятлари намойиш қилинди
Олмаотада халқаро кўргазмада Ўзбекистон туризм имкониятлари намойиш қилинди
Олмаотада халқаро кўргазмада Ўзбекистон туризм имкониятлари намойиш қилинди

ОЛМАОТА, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Олмаота шаҳрида ўтказилган “KITF­2026” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистон стенди ҳам намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур кўргазма дунёнинг 24 мамлакатидан 414 та компанияни бирлаштирди. Тадбир туризм бизнеси вакиллари, соҳа экспертлари ва кенг жамоатчилик учун муҳим мулоқот майдонига айланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон анъанавий тарзда миллий стендда ўзининг туризм салоҳиятини намойиш қилди. Унда Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси, Туризм қўмитаси, етакчи туроператорлар ва сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона сектори вакиллари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ваколатхонаси, ҳунармандлар ва халқ амалий санъати усталари иштирок этди.

Мамлакатимиз миллий стенди кўргазманинг энг кўзга кўринган ва оммабоп майдонларидан бирига айланди. Ташриф буюрувчиларга Самарқанд, Бухоро ва Хива бўйлаб маданий-маърифий йўналишлар, гастрономик, зиёрат ва маънавий туризм соҳасидаги таклифлар ҳамда янги сайёҳлик маҳсулотлари тақдим этилди.

Кўргазмада илк бор қатнашаётган ҳунармандларнинг иштироки ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда халқ амалий санъатининг анъанавий турлари, жумладан, тўқимачилик, бадиий каштачилик ва металлдан ясалган буюмлар намойиш этилди. Жонли намойишлар ва маҳсулотлар билан бевосита танишиш имконияти мамлакатнинг маданий ўзига хослигини янада тўлиқроқ очиб беришга хизмат қилди.

Шунингдек, “Ипак йўли” дастури доирасида минтақалараро сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қўшма сайёҳлик маҳсулотларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Уч кун давом этган мазкур тадбирда миллий стендга 3 мингдан ортиқ киши, жумладан, сайёҳлик компаниялари вакиллари, сармоядорлар ва сайёҳлар ташриф буюрди.

Хорижий туроператорларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва ўзига хос ҳунармандчилик анъаналарининг уйғунлиги ноёб ва талабгор сайёҳлик маҳсулотини шакллантирмоқда.

Ишбилармонлик дастури доирасида делегация туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш