Ўзбекистон ва БАА туризм соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди

Июнь 10, 2026. 11:00 • 2 дақ

66
Ўзбекистон ва БАА туризм соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди

АБУ-ДАБИ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамда БАА Иқтисодиёт ва туризм вазирлиги ўртасида онлайн мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

БАА Иқтисодиёт ва туризм вазирлигидан Туризм соҳасини ривожлантириш департаменти директори Муҳаммад Ал Аҳбаби иштирок этди.

Мулоқот чоғида БАА томонига Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш, замонавий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Онлайн музокаралар давомида Ўзбекистон туризм инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, меҳмонхоналар қуриш ва бошқариш лойиҳаларига БААнинг етакчи “Rotana”, “Jumeirah Group”, “Emaar Hospitality Group”, “JA Resorts & Hotels”, “Five Hotels & Resorts”, “Habtoor Hospitality” ва “Aldar” компанияларини жалб қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Шунингдек, шу йил 14–17 сентябрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган “Arabian Travel Market Dubai – 2026” халқаро кўргазмаси доирасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича амирликлар томони жорий йилнинг 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган “Ипак йўлида туризм – TITF 2026” 31-халқаро туризм кўргазмасида БАА сайёҳлик компанияларининг иштирокини таъминлашга тайёр эканини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш