Роттердам шаҳрида Ўзбекистон–Нидерландия ўйинини ватандошлар биргаликда томоша қилди
Июнь 10, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 117РОТТЕРДАМ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Элчихона ташаббуси билан Роттердам шаҳрида футбол бўйича Ўзбекистон ва Нидерландия миллий терма жамоалари ўртасидаги халқаро ўртоқлик учрашувни ватандошлар биргаликда томоша қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда ҳамюртлар мамлакатимизнинг сўнгги йилларда спорт оламидаги ютуқлари, жаҳон футболида тобора кучайиб бораётган ўрни ва обрўси, спорт дипломатиясининг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳаза алмашди.
Шу билан бирга, бундай учрашувлар нафақат миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш, балки хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, Ватанга бўлган меҳр ва садоқат туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир давомида иштирокчилар учун миллий анъаналаримиз ва меҳмондўстлигимизни ўзида мужассам этган дастурхон ёзилди. Самимий муҳит, дўстона мулоқот ва кўтаринки кайфият тадбирга ўзига хос файз бағишлади.
Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккита муҳим ўртоқлик учрашувини ўтказди. Илк ўйинда вакилларимиз Канадага қарши топ сурди. 2 июнь куни Эдмонтондаги “Commonwealth” стадионида бўлиб ўтган учрашув 2:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди. Ўйин шиддатли ёмғир остида кечди, бу эса футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларига муайян даражада таъсир кўрсатди.
Терма жамоамизнинг иккинчи ўртоқлик учрашуви 8 июнь куни Нью-Йоркдаги “Icahn” стадионида Нидерландия қарши бўлиб ўтди. Бу учрашувда ҳам юртдошларимиз 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Мағлубиятларга қарамай, жаҳон чемпионати олдидан ўтказилган мазкур икки ўртоқлик ўйини терма жамоамиз учун муҳим тажриба майдони бўлди.
Ватандошлар бундай учрашувлар нафақат спорт, балки маданий ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутиши, хориждаги ҳамюртларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



