Малайзияда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган роуд-шоу ташкил этилди
Июнь 08, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 43КУАЛА-ЛУМПУР, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари томонидан Малайзиянинг Перак штатида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган роуд-шоу ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуманда Малайзиянинг “Tabung Haji” ҳаж ва умра зиёратини ташкил этиш бўйича давлат Кенгаши қошидаги “TH Travel” компанияcи раҳбарияти, “Bumitra” сайёҳлик компаниялари ассоциацияси вакиллари, Аль-Барака диний таълим муассасаси уламоси Устоз Казим Элиас, мазкур билим юрти ўқитувчи ва талабалари ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан элчимиз Каромиддин Гадоев сўнгги йилларда мамлакатимизда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, янги туризм масканлари ва йўналишлари тўғрисида тақдимот ўтказди. Иштирокчиларга зиёратчилар учун республикада яратилган кенг имкониятлар, шу жумладан, Самарқандда қайта барпо этилган Имом Ал-Бухорий мажмуаси ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида батафсил маълумот берилди.
Роуд-шоу давомида “Умра плюс” дастури доирасидаги туристик маршрутлар кенг тарғиб қилинди. Хусусан, илк бор Малайзияда машҳур бўлган диний уламо Устоз Казим Элиас бошчилигида 100-150 кишидан иборат малайзиялик гуруҳнинг жорий йилда Ўзбекистонга зиёрати ташкил этилиши мамнуният билан эълон қилинди.
Устоз Казим Элиас малайзиялик ҳамкорлар ва исломшунослик соҳасида таълим олаётган талабаларни Имом Бухорий юртини биргаликда зиёрат қилишга чақирди. Ушбу ташриф доирасида малайзиялик зиёратчилар Тошкент шаҳри, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги бир қатор муқаддас қадамжолар ва диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишадилар.
Ташкил этилган очиқ мулоқот давомида қатнашчилар Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги имкониятларига оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Тадбир якунида жорий йилда “Умра плюс” дастури доирасида Малайзиядан Ўзбекистонга сайёҳларни кенг жалб қилиб, зиёратчилар оқимини ошириш бўйича хориж томони билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


