Покистон фотосуратчилари учун "Ўзбекистон покистонлик фотографлар нигоҳида" медиа лойиҳаси ташкил этилди
Август 12, 2025. 10:30 • 2 дақ
• 52
ИСЛОМОБОД, 12 август. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси Ўзбекистон Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда 2-7 август кунлари "Ўзбекистон покистонлик фотографлар нигоҳида" медиа лойиҳаси амалга оширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Лойиҳа доирасида Покистоннинг турли нуфузли медиа платформаларида фаолият юритаётган, маҳаллий ва халқаро туризм йўналишларида визуал контент яратиш тажрибасига эга 5 нафар профессионал фотосуратчилар – Гулриз Ғоури, Тариқ Ҳамид Сулемани, Муҳаммад Азҳар Ҳафиз, Муҳаммад Рамзан, Муҳаммад Шаҳид Қурешининг Ўзбекистонга ижодий сафари ташкил этилди.
Ижодий гуруҳ аъзолари Тошкент, Фарғона, Қўқон, Риштон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий қадамжолари, миллий ҳунармандчилик анъаналари, табиий гўзалликлари, шунингдек, Янги Ўзбекистондаги замонавий шаҳарсозлик намуналари ва инфратузилма объектларини суратга олди.
Тошкент шаҳрида Янги Ўзбекистон боғи, замонавий шаҳарсозлик обидалари ва пойтахтнинг тарихий-маданий марказлари, Чорсу бозори, "Наврўз" парки, "Tashkent City" ва "Magic City" ҳудуди тасвирга олинган бўлса, Фарғона, Қўқон ва Риштон шаҳарларида Худоёрхон саройи, Қўқон университети, анъанавий кулолчилик устахоналари, меъморий ёдгорликлар, гастрономик туризм масканлари ва маҳаллий турмуш тарзи акс эттирилди.
Самарқандда Регистон майдони, "Конигил" туризм қишлоғи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Гўри Амир мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа ноёб меъморий обидалар, Бухорода эса Арк қўрғони, Чашмаи Айюб, Исмоил Сомоний мажмуаси, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, тарихий бозор - тоқилар ва қадимий масканлар фотосуратлари олинди.
Сафар чоғида олинган фотосуратлар асосида махсус туристик нашр – "Ўзбекистон покистонлик фотографлар нигоҳида" номли фотоальбом чоп этилиши режалаштирилган. Мазкур фотоальбом Покистон кенг жамоатчилигини юртимизнинг бой тарихий ва маданий мероси, ранг-баранг қадриятлари ва замонавий тараққиётини яқиндан таништириш имконини беради.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳа доирасида олинган энг сара суратлар асосида 2025 йил декабрь ойида Исломобод шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган фотокўргазма ташкил этилади. Шунингдек, Лаҳор, Карачи, Мўлтон, Файсалобод ва бошқа шаҳарларида ҳам кўргазмалар очилади.
Ушбу лойиҳа Покистонда Ўзбекистоннинг ижобий туризм имижини мустаҳкамлаш, туристик йўналишлар бўйича ахборот оқимини кенгайтириш ва икки халқ ўртасида маданий дипломатияни ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди