Logo

Ҳиндистонлик таниқли блогерлар Ўзбекистон туризм салоҳиятини ёритмоқда

Июнь 21, 2025. 08:25 • 2 дақ

73
Ҳиндистонлик таниқли блогерлар Ўзбекистон туризм салоҳиятини ёритмоқда

ДЕҲЛИ, 21 июнь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистонлик бир гуруҳ таниқли блогерлар Ўзбекистонда танишув сафари билан бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тошкентга парвоз арафасида Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонасида ижодий гуруҳ аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Дипломатик миссия раҳбари Сардор Рустамбоев мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни, турли тармоқлар, жумладан, туризм соҳасини изчил ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижалари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, халқимизнинг бетакрор урф-одатлари, анъаналари ва маданий-маърифий қадриятлари, тарихий, маданий, меъморий обидалар ва иншоотлар ҳақида маълумот тақдим қилинди. 

Тизимли саъй-ҳаракатлар самарасида Ўзбекистоннинг туризм жозибадорлиги юксалаётгани, бу йилдан йилга ҳажми ошиб бораётган сайёҳлик оқимида яққол намоён бўлаётгани таъкидланди.

Тадбирда Ҳиндистон вакиллари мамлакатимизга ташкил этилган инфотур дастури билан яқиндан таништирилди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси билан биргаликда ишлаб чиқилган ушбу дастурда Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳарлари ва Тошкент вилоятидаги тарихий обидалар ва замонавий туристик мажмуалар билан танишиш кўзда тутилган.

Учрашувда Ҳиндистон бугунги кунда кўплаб фуқаролари хорижга саёҳатга чиқаётган, жадал равишда ўсиб бораётган ва улкан истиқболга эга давлат экани қайд этилди. Шу сабабли блогерларга Ўзбекистонга сафари давомида мамлакатимиз туристик салоҳияти билан яқиндан танишиш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида холис, мазмунли ва тезкор ахборот жойлаштириб боришнинг юқори аҳамияти урғуланди.

Блогерлар гуруҳига обуначилари 1,5 миллиондан 20 миллион нафаргача бўлган ижтимоий тармоқ фаоллари киритилган.

- Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқаларнинг илдизлари минг йилликларга бориб тақалади, - деб интервью берди таниқли блогер Фалак Ирфон "Дунё" АА мухбирига Тошкент халқаро аэропортига етиб келгач. - Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистондамиз ва ушбу гўзал мамлакат, дўст халқ, унинг бой тарихи, бугунги замонавий ҳаёти, жумладан, палов, сомса ва бошқа унитилмас таъмли таомларни ўз ичига олган миллий ошхонаси ҳақида ҳикоя қилиш ниятидамиз. Инстграм, Ютюб ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни кузатиб, биз билан бирга завқланинг!

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёни Ҳиндистон етакчи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги оммабоп саҳифалар диққат эътиборида бўлиб турибди. Улар томонидан ушбу мавзуга бағишланган турли жанрлардаги материаллар мунтазам тарзда эълон қилиб борилмоқда.

Бунинг натижасида Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлик оқими йилдан йилга изчил ўсишига эришилмоқда. Хусусан, 2023 йилда 40 минг нафардан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳ мамлакатимизга сафар қилган бўлса, 2025 йилда уларнинг сафи 80 минг нафардан ошди. Жорий йил эса ушбу кўрсаткич 100 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш