Ўзбекистон туризм салоҳияти Германиянинг Бонн шаҳрида тақдим этилди
Май 31, 2025. 12:17 • 2 дақ
• 85
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 31 май. /"Дунё" АА/. Германиянинг Бонн шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистонниг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ва "Бонн-Бухоро" немис-ўзбек дўстлик жамияти ҳамкорлигида Бонн шаҳар мэриясининг "Альтес Ратҳаус" тарихий биносида ташкил этилди.
Унда Германия жамоат ва ишбилармон доиралари вакиллари, жумладан, Бонн шаҳар бошқаруви раҳбари Урсула Саутер, маданият намоёндалари, журналистлар, ватандошлар, шунингдек, "Бонн-Бухоро" немис-ўзбек маданий дўстлик жамияти аъзолари иштирок этди.
"Яқин ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам учун Бош консулхонага миннатдорлик билдираман. Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Германия билан маданий ва сайёҳлик алмашинувида алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқалар туфайли икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда", – деди Бонн шаҳар бошқаруви раҳбари Урсула Саутер ўз нутқида.
Бош консулхона ходимлари йиғилганларга мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ва ушбу соҳани халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, тадбир давомида шу йил март ойида юртимиз Бош консулхонаси ва "Бонн-Бухоро" немис-ўзбек маданий жамияти кўмагида Ўзбекистонга саёҳат қилган бир гуруҳ жамият аъзолари сафардан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Уларнинг айтишича. сайёҳлик гуруҳининг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкентга қилган сафари ҳақида немис тилида ҳужжатли фильм суратга олинган.
Ташкилотчиларга кўра, бундай сайёҳлик дастури келгуси йилда ҳам амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
"Бонн-Бухоро" немис-ўзбек дўстлик жамияти раҳбари O.Tэн немис жамоатчилигини мамлакатимиз маданий меросига бўлган юқори қизиқишини инобатга олиб, 2025 йил якунига қадар Германиядан навбатдаги гуруҳларнинг Ўзбекистонга сайёҳлик сафари ташкил этилишини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди