Нуфузли халқаро ярмаркада Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиш этилди
Февраль 04, 2026. 14:42 • 58 сония
• 90ЛОНДОН, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк Британия пойтахтида “Destinations: The Holiday and Travel Show” нуфузли халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда бутун дунёдан келган туризм соҳаси вакиллари, етакчи туроператорлар ва ОАВ иштирок этди
Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, замонавий туризм инфратузилмаси, мамлакатнинг саёҳат имкониятлари намойиш этилди.
Буюк Британиянинг “Wanderlust”, “Wild Frontiers” ва “Cox and Kings” каби етакчи сайёҳлик компаниялари Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўналишларини тақдим этиб, сайёҳларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқишини оширишга ҳисса қўшди.
Тадбир давомида мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон томонидан Ўзбекистонга бағишланган махсус тақдимот ўтказилди. У ўз нутқида юритимизнинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси, меҳмондўстлик анъаналари ва мамлакатда амалга оширилаётган туризм ислоҳотлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. Тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ярмаркада иштирок этиш Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда британиялик ва европалик сайёҳлар орасида мамлакат имижини оширишда муҳим қадам бўлди.
“Destinations: The Holiday and Travel Show” ярмаркаси Буюк Британиянинг энг йирик ва нуфузли сайёҳлик тадбирларидан бири бўлиб, 800 дан ортиқ сайёҳлик брендларни ўзида бирлаштиради ва 30 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




