Россиядаги маҳаллий телеканалда Ўзбекистон сайёҳлик имкониятлари намойиш қилинди
Февраль 25, 2026. 18:46 • 2 дақ
• 118
ЧЕЛЯБИНСК, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Россиянинг Челябинск вилоятидаги маҳаллий “OTV” телеканалининг “Дипломатик миссия” кўрсатувида Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган суҳбат намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туризм қўмитасининг Транспорт логистикаси департаменти бошлиғи Шуҳрат Исақулов ҳамда Инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш департаменти бошлиғи Улуғбек Асадуллаев билан ўтказилган суҳбат жараёнида мамлакатимиз туризм соҳасини хорижда тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритилди.
Суҳбатдошлар мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги консуллик муассасаси томонидан Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг замонавий имкониятлари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, 2025 йил 1–3 октябрь кунлари Бош консулхона томонидан Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда туризм соҳасида минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “Road Show” тадбири ўтказилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, жумладан, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, авиақатновларни кенгайтириш, хорижий меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашилди. Сайёҳлик йўналишлари – маданий-маърифий ва гастрономик туризмдан тортиб экологик ва зиёрат туризмигача диверсификация қилинаётгани таъкидланди.
Челябинск вилояти сайёҳлик компаниялари ва Ўзбекистоннинг тегишли тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Дипломатик миссия” дастури муаллифи Амур Ҳабибулиннинг таъкидлашича, ушбу эфирга узатилган кўрсатув томошабинларда катта қизиқиш уйғотган. Вилоят аҳолисининг аксарияти дастур туфайли Ўзбекистонда янги сайёҳлик йўналишларини кашф этганини, бу эса олиб борилган тарғибот ишларининг амалий самарадорлигидан далолат беришини қайд этган.
Бош консулхона томонидан 2026 йил давомида шунга ўхшаш дастурлар орқали Ўзбекистон туризм соҳасини хорижда тарғиб этиш бўйича турли лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган. Ўзбекистонлик туроператорлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун Челябинск вилоятининг йирик сайёҳлик агентликлари билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда навбатдаги “Road Show”ни ўтказиш режалаштирилган.
Туризм йўналишидаги ушбу ташаббусларнинг изчил амалга оширилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси