Logo

Италия сайёҳлик агентликлари Ўзбекистонни жозибадор туризм йўналиши сифатида эътироф этмоқда

Январ 20, 2024. 14:49 • 55 сония

115
Италия сайёҳлик агентликлари Ўзбекистонни жозибадор туризм йўналиши сифатида эътироф этмоқда

РИМ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси ва «СAМО Травел» сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда Рим шаҳрида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Италиянинг етакчи сайёҳлик агентликлари раҳбар ва вакиллари қатнашди.

Учрашув давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм индустриясини ривожлантириш, унинг иқтисодиётдаги роли ва ҳиссасини ошириш, хизматлар кўрсатишни диверсификация қилиш ва сифатини юксалтириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Италиядан Ўзбекистонга сайёҳлар сони ортиб бораётгани таъкидланди. Пандемиядан олдин Италия Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони бўйича Европада биринчилар қаторида қайд этилган. 2019 йилда ушбу давлатдан сайёҳлар сони 20 минг 450 нафарни ташкил этди. 2022 йилда эса Италиядан Ўзбекистонга 9 минг 516 та сайёҳ келган бўлса, 2023 йилда мазкур кўрсаткич 25 минг 592 тани ташкил қилди.

Тақдимот давомида, шунингдек, Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида айтиб ўтилди.

Иштирокчилар эътиборига Ўзбекистоннинг жозибадор сайёҳлик имкониятларига бағишланган видеофильмлар намойиш этилди.

Бундан ташқари, Италия вакилларига Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини ўзида мужассам қўлланма ва туризм хариталари тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш