Индонезияда “Umrah Plus Uzbekistan” дастури бўйича сайёҳлик гуруҳлари ташкил этилади
Февраль 28, 2026. 12:16 • 5 дақ
• 85ЖАКАРТА, 2 март. /“Дунё” АА/. Индонезия пойтахтида Ўзбекистон туризм соҳаси имкониятларига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Жакартада кенг тарғиб қилиш, маҳаллий туроператорлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, “Umrah Plus Uzbekistan” дастури доирасида қўшма турпакетлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Анжуманда Жакарта ва Ғарбий Ява провинциясининг умра сафарларига ихтисослашган йирик ташкилотлари ва туристик компаниялар раҳбарлари, масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Жумладан “ESQ Travel”, “MQ Travel”, “PT Rehlata Permata Insani”, “HPT Tour & Travel”, “PT Ahsanta Travel” ва “Ventour Travel” каби йирик туризм агентликлари Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича алоҳида режа жадвал ишлаб чиқилганини қайд этди. Экспертлар мамлакатимизга туристлар оқимини ошириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Мазкур компанияларнинг ҳар бири умра дастури доирасида йилига 10 мингдан ортиқ зиёратчига хизмат кўрсатади.
Тақдимот доирасида Ўзбекистон ва Индонезияни муштарак тарихий-маданий илдизлар, ислом цивилизацияси мероси ва ўхшаш маънавий қадриятлар боғлаб туриши алоҳида таъкидланди. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар мероси индонезиялик зиёратчилар учун алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон асрлар давомида Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган ҳолда савдо, илм-фан ва ислом тафаккури маркази бўлиб келганини эътироф этди. Туризм компаниялари вакиллари ўз чиқишларида Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари нафақат бой тарихий меросга, балки замонавий туристик инфратузилмага эга эканини айтди.
“Umrah Plus” дастури доирасида Индонезиядан келаётган зиёратчиларга Макка ва Мадина сафари билан бир қаторда Самарқанд ва Бухорони ўз ичига олган маънавий-маърифий дастурларга катта қизиқиш билдирилди. Қатор компаниялар 2026 йил апрель ойидан бошлаб “Umrah Plus Uzbekistan” дастури бўйича сайёҳлик гуруҳларини шакллантиришга тайёр эканини таъкидлади.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов онлайн шаклда қатнашди. У Ўзбекистон замини асрлар давомида ҳадис илми, калом ва тасаввуф мактаблари ривож топган маърифат маркази бўлиб келганини эътироф қилди. Имом Бухорий мероси нафақат илмий, балки умуммусулмон маънавий тафаккури учун беқиёс аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Шу билан бирга, Марказ фаолияти доирасида амалга оширилаётган халқаро тадқиқотлар, қўлёзмаларни ўрганиш, илмий нашрлар тайёрлаш ва хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Индонезия илмий ва диний доиралари билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма тадқиқотлар ва академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш икки мамлакат ўртасидаги маънавий-илмий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.
Шовосил Зиёдов Марказ қошида “Саҳиҳул Бухорий” асарини ўрганиш бўйича қисқа курслар ташкил этилганини маълум қилиб, индонезиялик сайёҳларни ушбу таълим дастурида иштирок этишга таклиф этди.
“ESQ Travel” компанияси директори Луки Аламшях:
– Бугунги тақдимот Ўзбекистоннинг Индонезия билан кенг кўламли ҳамкорлигини янада аниқроқ намоён қилди. Айниқса, Сукарнонинг Ўзбекистонга ташрифи ва самарқандлик уламоларнинг Ява оролларида ислом таълимотини тарғиб этгани билан боғлиқ тарихий далиллар жамоамизда катта қизиқиш уйғотди. Компаниямизга қарашли таълим марказларида ҳар йили 2 миллиондан зиёд талаба таҳсил олади. Ушбу аудитория орасида “Umrah Plus Uzbekistan” дастурини тарғиб қилиш учун махсус семинарлар ва ахборот кампанияларини йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз. Бу йўналишни нафақат тижорий лойиҳа, балки маънавий бурч сифатида эътироф этамиз.
“MQ Travel” директори Харпинади Илҳам:
– Ўтган йили декабрь ойида Ўзбекистонга сафар қилиб, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш имконига эга бўлдим. У ердаги муҳитни сўз билан ифода этиш қийин – бу нафақат тарих, балки тирик маънавий бойликдир. Ҳозирда биз ‘Umrah Plus Uzbekistan’ пакетини оилавий ва жамоавий зиёрат шаклида ишлаб чиқмоқдамиз. Айниқса, уламолар ва исломий таълим муассасалари билан ҳамкорликда махсус маърифий гуруҳлар ташкил этиш режамиз бор.
“PT Rehlata Permata Insani” директори Ито Атоиллаҳ:
– Биз одатда ойига 4–6 марта “Umrah Plus Egypt” дастурларини амалга оширамиз. Ўзбекистон билан ҳам шу каби тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Шу йил январь ойида 22 нафар университет ректорлари учун ташкил этилган 8 кунлик сафар жуда самарали бўлди. Сентябрь ойидан бошлаб камида 5 та гуруҳни Ўзбекистонга юборишни режалаштирмоқдамиз. Тўғридан-тўғри авиақатновлар ўрнатиш масаласи ижобий ҳал бўлган тақдирда талаб тез суръатларда ошишига ишонамиз.
“PT Ahsanta Travel” директори Буди Фирман:
– Индонезияда Нақшбандия тариқати издошлари жуда кўп. Баҳоуддин Нақшбанд номи маркетинг нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Агар турпакет қиймати рақобатбардош нархларда шакллантирилса, бозор жуда фаол бўлади. Шунингдек, “1 Day with Imam Bukhari” каби махсус дастурлар зиёратчиларда кучли эмоционал таъсир уйғотади. Биз ушбу йўналишни 2026 йилнинг энг истиқболли туристик маҳсулотларидан бири деб баҳолаймиз.
“Ventour Travel” вакили Ифан Эффенди:
– Компаниямиз ҳар йили 16 мингга яқин умра визасини расмийлаштиради. Бозорни самарали ривожлантириш учун профессионал маркетинг материаллари, видео-контент ва тайёр презентация пакетлари жуда муҳим. Агар Ўзбекистон томонидан расмий тарғибот материаллари тақдим этилса, биз ўз агентлик тармоғимиз орқали ушбу йўналишни тез ва самарали илгари суришга тайёрмиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



