Ўзбекистон авиакомпанияси Тошкент–Вена йўналиши бўйича тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди
Ноябрь 28, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 108
ВЕНА, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. “Fly Khiva Airways” хусусий авиакомпанияси 2027 йилнинг апрель ойидан бошлаб Тошкент ва Вена шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ҳаво йўлининг очилиши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги бевосита мулоқотни фаоллаштириб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу йўналиш туризм соҳасида улкан имкониятлар эшигини очади. Эндиликда европалик сайёҳлар бой тарих ва бетакрор меъморчиликка эга Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларимизга ортиқча оворагарчиликларсиз етиб келиш имконига эга бўладилар. Ўз навбатида, ўзбекистонлик йўловчилар учун Европанинг юраги ҳисобланган Венага ва у орқали бутун Европа Иттифоқи мамлакатларига саёҳат қилиш янада қулай ва жозибадор бўлади.
Авиакомпания бош директори Дилшод Хўжаевнинг таъкидлашича, ушбу йўналишни очиш тўғрисидаги қарор йўловчиларнинг талаб ва истакларини ўрганиш натижасида қабул қилинган.
“Одамлар Европага тунги қўнишларсиз ва бошқа давлатлар аэропортларида узоқ кутишларсиз, қулай тарзда учишни истайдилар. Биз учун Вена – Европага очиладиган дарвозадир”, – деди Дилшод Хўжаев.
Парвозлар ҳафтасига икки марта – сешанба ва жума кунлари амалга оширилади. Тошкентдан Венага учиш вақти 5 соат 10 дақиқани, қайтиш парвози эса 6 соат 35 дақиқани ташкил этади. Бир томонлама авиачипталар нархи 302 АҚШ долларидан 910 АҚШ долларигача белгиланган бўлиб, чипталар савдоси аллақачон йўлга қўйилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси