Logo

Лондонда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди

Июль 17, 2025. 12:48 • 2 дақ

85
Лондонда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди

ЛОНДОН, 17 июль. /"Дунё" АА/. Буюк Британия пойтахтида Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тақдимот Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон ва "Halal Travel" компанияси асосчиси Ҳафса Гахер билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда британиялик саёҳат соҳаси мутахассислари, туристик компаниялар, ОАВ вакиллари ва Ўзбекистонга қизиқиш билдирган сайёҳлар иштирок этди.

Тадбир доирасида ўтказилган тақдимотда Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хива каби шаҳарларидаги қадимий масжидлар, мадрасалар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва тарихий аҳамиятга эга масканлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Шунингдек, мазкур шаҳарлардаги сайёҳлик инфратузилмаси, меҳмонхоналар, "ҳалол" озиқ-овқат хизматлари ва транспорт имкониятлари алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Хоразм вилоятида 25 гектар майдонда ташкил этилган ва ўз ичида шарқона бозор, халқ ҳунармандчилиги ва декоратив-амалий санъат кўргазмаларини бирлаштирган "Арда Хива" туристик мажмуаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

"Halal Travel" компанияси асосчиси Ҳафса Гахер Ўзбекистонда мавжуд ҳалол меҳмонхоналар, ҳалол овқатланиш жойлари ва ибодат учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон мусулмон сайёҳлар учун хавфсиз, қулай ва маданий жиҳатдан бой йўналиш экани таъкидланди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Буюк Британиядан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони, ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 25 фоизга ошгани маълум қилинди.

Тижани Галлет, Нидерландиялик туроператор;

– "Halal Travel Network" ва Ўзбекистон элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қатнашганимдан хурсандман.

Биз исломий мамлакатларга турлар таклиф қиламиз ва айни пайтда Ўзбекистонга ҳам саёҳатлар ташкил қилишни режалаштиряпмиз. Бугунги тадбир биз учун жуда фойдали бўлди.

Имом Бухорий ва Абу Исо Термизий каби буюк уламолар айнан Ўзбекистон заминидан етишиб чиққани ҳақидаги маълумотларни билиб олидк. Бу мен учун янги ва жуда муҳим маълумотлар бўлди.

Биз ўз мижозларимизга нафақат тарихий ва маданий бойликка эга мамлакат сифатида, балки зиёрат туризми учун ҳам жуда муҳим йўналиш сифатида Ўзбекистонни тавсия этамиз.

Бу каби тадбирлар биз, халқаро туроператорлар учун жуда муҳим.

Абдул Малик Тейлор, "Palau Tourism" компанияси вакили;

– Компаниямиз дастлаб Лондонда фаолият бошлаган бўлиб, бугунги кунда халқаро саёҳат йўналишларини ҳам таклиф қилмоқда.

Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган тадбирда иштирок этиб кўплаб маълумотларни билиб олдим. Тадбир мен учун нафақат малака ошириш имконияти, балки Ўзбекистон ҳақида янгича, янада чуқурроқ тасаввур ҳосил қилиш имконияти ҳам бўлди. Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти менда катта таассурот қолдирди уйғотди.

Биз келгусида "Palau Tourism" орқали Ўзбекистон йўналишини ҳам туристлар учун таклиф этишни режалаштиряпмиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш