Logo

Малайзия пойтахтида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди

Июнь 24, 2025. 19:14 • 3 дақ

87
Малайзия пойтахтида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 24 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ва Малайзиянинг "Air Asia X" авиакомпанияси томонидан "Ўзбекистонга "Air Asia" билан саёҳат" мавзусида юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ва "Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур" йўналиши бўйича тўғридан-тўғри ҳаво қатновларига авиачипталар сотувининг расмий очилиш маросими ташкил қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги, "Tourism Malaysia" агентлиги раҳбарияти, таниқли блогерлар, сайёҳлик компаниялари ходимлари ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этишди.


Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев ўз нутқида иштирокчиларга республикамизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, хорижий сайёҳларга яратилган қулайликлар ҳақида сўзлаб берди.


"Air Asia" авиакомпанияси томонидан шу йил 15 октябридан бошлаб ҳафтасига уч маротаба тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистонга Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан, шу жумладан Малайзиядан келаётган сайёҳлар оқимини оширишга ҳисса қўшиши таъкидланди.


Йиғилганлар эътиборига Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан тақдим этилган Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.


Тадбирда иштирок этган Малайзия туркомпанияларига мамлакатимизнинг туризм дастурлари, жумладан "маданий туризм", "зиёрат туризми", "Умра+", "гастротуризм", "ишбилармонлик туризми" (MICE) каби турпакетлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилинди.


Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари ва зиёратгоҳлари, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги иштирокчилар орасида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, тадбирда республика "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси иштирокида миллий ҳунармандчилик, амалий санъат, енгил саноат ва ипак маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилди.


Ўзбек гастрономик туризм салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида тадбир доирасида Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси томонидан Куала-Лумпурга юборилган ошпазлар томонидан миллий таомлар тайёрланди ва меҳмонларга улашилди.


Бенямин Исмоил, "Air Asia" авиакомпанияси Бош ижрочи директори:


 – "Air Asia X" авиакомпанияси Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг йирик кам бюджетли авиакомпания ҳисобланади. Унинг авиапарки 200 та самолётдан иборат.


Шу йил апрель ойида ҳамкасбларим билан Ўзбекистонда бўлдик. Сафар доирасида Бухоро, Самарқанд вилоятларида бўлдик ва бир қатор зиёратгоҳлар ва туризм объектлари билан яқиндан танишдик.


Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсаётганини ва малайзияликларнинг ушбу Марказий Осиё мамлакатига қизиқишлари ортиб бораётганини инобатга олиб, "Куала-Лумпур – Тошкент" йўналиши бўйича авиақатновларни йўлга қўйишга қарор қилдик.


Ўйлайманки, мазкур авиақатновлар икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқимининг кўпайишига ва ишбилармон доиралар вакилларининг ҳамкорлик алоқаларини ривожланишига хизмат қилади.


Акбал Сетиа, "Tourism Malaysia" агентлиги маркетинг бўйича директори:


– "Ўзбекистонга "Air Asia" билан саёҳат" мавзусидаги туризм тақдимотида иштирок этаётганимдан мамнунман. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Малайзия туркомпаниялари орасида жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилинди.


Иштирокчиларга Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм дастурлари, "Умра плюс Ўзбекистон", "зиёрат туризм" каби турпакетлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


Мен 9-15 июнь кунлари Малайзиянинг бир гуруҳ туркомпания вакилларидан иборат делегацияга раҳбарлик қилган ҳолда Ўзбекистонда бўлдим.


Таъкидлашим жоизки, мамлакатингизнинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари ва зиёратгоҳлари, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги Малайзия делегациясида катта таассурот қолдирди. Республикада сайёҳлар учун яратилган қулайликлар бизни қувонтирди.


Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги сайёҳлар оқими кўпайишидан манфаатдормиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш