Япон ўқувчилари ўзбек маданияти билан танишди
Апрель 28, 2026. 10:12 • 2 дақ
• 311ТОКИО, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Япониянинг Фукусима шаҳридаги “Отори” ўрта мактаби ўқувчилари Ўзбекистон элчихонасида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф чоғида элчихона вакиллари мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси, сайёҳлик йўналишлари ва туризм имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказди. Ўқувчиларга Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарлар ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объектлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир аввалида ўқувчилар учун “Сиз Ўзбекистонни биласизми?” мавзусида викторина ташкил этилди. Унда иштирокчилар мамлакатимиз ҳақида қизиқарли маълумотлар билан танишиб, савол-жавобларда фаол қатнашди. Ўқувчилар ўзбек миллий кийимларини кийиш, мамлакатимиз маданияти ва анъаналари билан танишиш имконига эга бўлди.
Ўқувчиларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида тарқатма материаллар топширилди. Фукусима шаҳар туризм бошқармаси вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, япон ўқувчиларининг Ўзбекистонга саёҳатларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
2023 йилдан буён элчихона ташаббуси билан япониялик мактаб ўқувчиларининг Ўзбекистонга таълим саёҳатларини ташкил этиш дастури амалга оширилмоқда. Дастур Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ташриф буюриш, ўзбекистонлик тенгдошлари билан қўшма машғулотларда қатнашиш ҳамда мамлакатнинг маданий-тарихий мероси билан танишишни ўз ичига олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


