Бахтиёр Саидов: Британия билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли янги ҳамкорлик йўналишларини очишда давом этамиз
ТОШКЕНТ, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Кеча Лондонда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Буюк Британия ҳукумати томонидан ташкил этилган расмий қабулда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Лондон шаҳрида Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва британиялик етакчи ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказилган расмий қабул маросимида қатнашганимиздан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Тадбир молия, саноат, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш каби стратегик соҳаларда фаолият юритувчи “Rio Tinto”, “Rolls-Royce”, “International Hospitals Group”, “Intertek” каби етакчи компания вакилларини бир жойга жамлади.
Қабул доирасида Буюк Британия Бош вазири ўринбосари Дэвид Лемми билан ҳам учрашдик. Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва устувор йўналишларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув Британия хусусий сектори билан тўғридан-тўғри мулоқотни мустаҳкамлаш, Ўзбекистондаги изчил ислоҳотлар самарасини намоён этиш ҳамда ўзаро савдо ва инвестициявий лойиҳаларни кенгайтириш бўйича аниқ режалар тузиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.
Биз Буюк Британия билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли янги ҳамкорлик йўналишларини очишда давом этамиз”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси









