Logo

АҚШнинг Массачусетс технология институтида “Ўзбек китоблари бурчаги” ташкил этилди

Январ 30, 2026. 15:44 • 58 сония

155
АҚШнинг Массачусетс технология институтида “Ўзбек китоблари бурчаги”  ташкил этилди
АҚШнинг Массачусетс технология институтида “Ўзбек китоблари бурчаги”  ташкил этилди

ТОШКЕНТ, 30 январь. /“Дунё” АА/. “University of Business and Science” олий таълим муассасаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси ва сўнгги йиллардаги ислоҳотларини акс эттирувчи китоблар жамланмаси дунёнинг энг нуфузли олийгоҳи — Массачусетс технология институтининг Ҳайден марказий кутубхонасига тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

АҚШнинг Бостон шаҳрида бўлиб ўтган тантанали маросимда ушбу ноёб тўплам Массачусетс технология институти (MIT) кутубхонаси директори Крис Бургга расман топширилди. Эндиликда жаҳоннинг етакчи илм-фан масканида махсус “Ўзбек китоблари бурчаги” доимий равишда фаолият кўрсатади.

Мазкур жамланма 120 дан ортиқ илмий, тарихий ва адабий асарларни ўз ичига олган бўлиб, ўзбек давлатчилиги ва маданияти ҳақида комплекс маълумот берувчи фундаментал манбалардан ташкил топган. Тўпламдан Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, Янги Ўзбекистон тарихи, ислом цивилизацияси ва тасаввуф мероси, жадидчилик ҳаракати ҳамда ХХ аср ўзбек адабиёти дурдоналари жой олган.

Эндиликда Массачусетс технология институтининг олимлари, тадқиқотчилари ва талабалари Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш босқичлари ҳамда миллий қадриятлари ҳақида ишончли манбалар асосида илмий изланишлар олиб бориш имкониятига эга бўлди. Бу ташаббус миллий меросимизни глобал илмий маконга олиб чиқиш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш йўлидаги стратегик қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш