Бахтиёр Саидов: Сербияни Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли ҳамкорларидан бири сифатида қадрлаймиз
Май 06, 2026. 14:26 • 2 дақ
• 116
ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Сербия ташқи ишлар вазири Марко Джурич билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Бугун вазирликда Сербия ташқи ишлар вазири Марко Джурич жаноблари билан мазмунли ва конструктив музокаралар ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни илгари суриш ҳамда транспорт, саноат, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдик.
Икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги яқин ва тизимли ҳамкорликни давом эттириш, сиёсий маслаҳатлашувлар механизмларини янада фаоллаштириш ҳамда янги қўшма ташаббусларни илгари суриш муҳим эканини таъкидладик.
Олий даражада эришилган келишувларни амалий мазмун билан бойитиш, икки давлат раҳбарлари белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш ва яқин истиқболдаги олий даражадаги ташрифларга пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратдик.
Сербияни Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли ҳамкорларидан бири сифатида қадрлаймиз. Икки томонлама муносабатларнинг бугунги суръати мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз”.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси