“Berliner Zeitung” газетаси: “Нима учун Ўзбекистон гендер тенглик глобал рейтингларида кескин юқорига кўтарилди”
Март 14, 2026. 13:20 • 3 дақ
• 110
БЕРЛИН, 14 март. /“Дунё” АА/. Германиянинг нуфузли “Berliner Zeitung” газетасининг онлайн нашрида мамлакатимиз гендер тенглик ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида халқаро рейтингларда дунё мамлакатлари орасида анча юқори ўринга кўтарилгани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон жамиятда аёллар тенглигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ташаббусларни амалга оширмоқда. Халқаро рейтинглар эса мамлакатнинг бу сиёсати ўз натижасини бераётганини кўрсатмоқда, деб ёзади нашр.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда халқаро гендер тенглик рейтингларида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланган. “Гендер тенглик ва бошқарув” (Global Governance Forum) индексида мамлакатимиз 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллаган. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун 2026” (Women, Business and the Law 2026) ҳисоботида эса 190 давлат орасида 43 поғонага кўтарилиб, 48-ўринга чиққан. Бу ютуқларга қонунчилик соҳасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида эришилган, хусусан, гендер тенглик тамойиллари мамлакатнинг янгиланган конституцияси, миллий ривожланиш стратегияси ва 110 дан ортиқ ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган.
Ҳуқуқий база бўйича Ўзбекистон Жаҳон банки маълумотларига кўра, 100 баллдан 82,1 балл тўплаган - бу дунё бўйича ўртача 67 баллдан анча юқори. Энг юқори баҳолар ҳаракатланиш эркинлиги, оила, иш ҳақи, болаларни парваришлаш ва мулк ҳуқуқлари каби тоифаларга берилган.
Ҳисоботга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасаларидаги талабаларнинг 54 фоизини қизлар ташкил этади - 2026 йилда улар сони 904 мингдан ошган. Шунингдек, стажёр-тадқиқотчилар, илмий ходимлар ва докторантларнинг 61 фоизини ҳам хотин-қизлар ташкил этади. Эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат томонидан молиялаштириладиган ўқиш ўринлари сони 2 мингтадан 4 мингтагача етказилиб икки баробар оширилди. Халқаро “Coursera” онлайн таълим платформаси ҳисоботига кўра, Ўзбекистон генератив сунъий интеллект бўйича таълим олаётган қизлар кўпчиликни (58,9 фоиз) ташкил этадиган дунёдаги ягона давлатдир. 2024 йилги парламент сайловларидан буён Қонунчилик палатасидаги ўринларнинг 38 фоизи, Сенатда 27 фоиз ва маҳаллий кенгашларда 32,5 фоизи аёлларни ташкил этади.
Қайд этилишича, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари кенгайтирилиб, қишлоқ ҳудудларидаги хотин-қизлар учун махсус микрокредитлар ва ўқув дастурлари, уларни меҳнат бозорига, айниқса IT ва хизматлар соҳасига кенгроқ жалб қилишга қаратилган ташаббуслар амалга оширилмоқда. “Ҳукумат қарори билан аёлларга автобус ёки юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлашни таъқиқловчи чеклов ҳам бекор қилинган”, деб ёзади нашр.
Мақолада, Euronews маълумотига таянган ҳолда, 2025 йилда 380 мингдан ортиқ аёл тадбиркорликни бошлаш учун жами 1,52 миллиард евро миқдорида кредит олгани, кредитлар, менторлик ва ўқув дастурлари орқали тахминан 2,3 миллион аёл даромадли иш билан таъминлангани қайд этилган. “BRB Bank”нинг ўзи аёллар бошқарувидаги 11 мингдан ортиқ корхонани тахминан 29,34 миллион евро билан молиялаштирган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон гендер тенглигини рағбатлантириш бўйича муҳим қадамлар ташлади, дея эътироф этади манба. 2023 йилда аёлларга нисбатан тазйиқ ўтказиш ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун кучга кирди. Ушбу ҳужжат илк бор ҳимоя ордерлари ва ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо чораларини қўллашни назарда тутади. 2023 йилда янгиланган конституцияда эркаклар ва аёллар тенглиги ҳаётнинг барча соҳаларида аниқ белгилаб қўйилган. Институционал жиҳатдан Аёллар қўмитаси кучайтирилган, фавқулодда ҳолатдаги аёллар учун ҳудудий мурожаат марказлари ташкил этилган ва гендер тенглиги бўйича миллий стратегия қабул қилинган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси