Британиянинг нуфузли компанияси билан олий таълим соҳасида ҳамкорлик ўрнатилади
Январ 28, 2026. 18:38 • 58 сония
• 294
ЛОНДОН, 28 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британияда олий таълим муассасаларига стратегик бошқарув ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи нуфузли “Southern Universities Management Services” (SUMS) компанияси раҳбари Жоэл Арбер билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Британиянинг энг етакчи университетлари билан ишлайдиган ушбу профессионал консультантлар жамоасининг Ўзбекистон олий таълим тизимига замонавий бошқарув қарорларини татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди. “SUMS” раҳбари ўз чиқишида Ўзбекистоннинг яқин келажакда минтақадаги энг йирик таълим хабига айланиш учун барча зарур салоҳиятга эга эканини эътироф этди.
Учрашувда “SUMS” компаниясининг университетлар учун стратегик режалар ишлаб чиқиш, ташкилий тузилмаларни оптималлаштириш, молиявий барқарорликни ошириш ва рақамли трансформацияни амалга ошириш борасидаги кўп йиллик тажрибаси тақдимот қилинди. Айниқса, Британия университетларининг хорижий мамлакатларда ўз кампусларини ташкил этиши ҳамда ОТМлар ўртасида “қўшма диплом” (dual diploma) дастурларини йўлга қўйишда компаниянинг кўмаги муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Томонлар таълим сифатини яхшилаш ва бошқарувда инновацияларни жорий этиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги академик ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва миллий таълим бошқарувида халқаро стандартларни жорий этиш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
