Италия–Ўзбекистон ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Январ 17, 2026. 11:10 • 3 дақ
• 107
РИМ, 17 январь. /“Дунё” АА/. Италия Депутатлар палатасида Италия–Ўзбекистон савдо палатаси ташаббуси билан халқаро конференция ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчихона ҳамда Италия савдо палаталари уюшмаси кўмагида, гибрид форматда ўтказилган ушбу тадбирда давлат ташкилотлари, ишбилармон ва эксперт доира вакиллари ҳамда журналистлардан иборат юздан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Конференцияда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, юртимизда фаолият юритаётган Италия компанияларининг муваффақиятли бизнеси тарихи ҳақида тақдимот намойиш қилинди.
Тадбир қатнашчилари Италия ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги вазирлари Иброҳим Абдураҳмонов (онлайн тарзда) ва Франческо Лоллобрижида, икки мамлакат элчилари Абат Файзуллаев ва Гуидо Де Санктис (онлайн тарзда) икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари бўйича сўз юритди.
Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида мамлакатлар ўртасидаги аграр, иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини алоҳида эътироф этди. У Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюргани ва ҳамкорликни ривожлантиришда қатор лойиҳаларни амалга оширишга эришгани хусусида тўхталиб ўтди.
Франческо Лоллобрижида Италияда шу йилнинг 22–23 март кунлари умуммиллий референдум ўтказилиши режалаштирилганига қарамай,
23–24 март кунлари Тошкентда ўтказиладиган “Италия – Марказий Осиё – Озарбайжон” форматидаги халқаро форумда иштирок этишини маълум қилди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз нутқида иқтисодий ва институционал ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган тизимли янгиланишлар ҳақида сўз юритди.
Илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанд шаҳрида Италиянинг Тушиа университети филиали фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилди.
Элчихона раҳбари Абат Файзуллаев иштирокчиларга Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти, юртимизда хорижий тадбиркорлар учун мавжуд кенг имкониятлар, турли йўналишдаги истиқболли қўшма лойиҳалар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди.
Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилган келишувлар, хусусан, Инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича келишув доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг кенгайишига кенг йўл очиб берилгани айтилди.
Конференция дастурга асосан Италия Ташқи ишлар вазирлиги Мамлакат тизимини тарғиб қилиш бўйича Бош директор Мауро Баттокки, Ташқи савдо агентлиги президенти Маттео Зоппас, “UNIONCAMERE” савдо палаталари уюшмаси президенти Андреа Прете, Италия Сенатининг Европа Иттифоқи Сиёсати қўмитаси раиси Марко Скуррия бошқа нуфузли шахслар сўзга чиқиб, икки мамлакатнинг стратегик ҳамкорлик алоқалари ҳақида фикр юритди.
“Компаниямиз 2021 йилда Ўзбекистонга кириб келди ва хорижий инвесторларга яратилган шароит, очиқлик, пахта етиштиришдан юқори сифатли мато ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ таъминот занжири мавжудлигига гувоҳ бўлгач, тўрт босқичли лойиҳани амалга оширишни бошлади. 2022–2025 йилларда фабрикада ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич оширилди. 2025 якунига келиб, ишчиларнинг умумий сони 270 нафарга, ишлаб чиқариш линияси 11 тага етди ва 9,5 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилди”, дейди “Cotonella” компанияси бош менежери Ренато Спаньоло.
Ренато Спаньолонинг таъкидлашича, учинчи босқичда “Cotonella Spa”га тўлиқ тегишли янги фабрика қурилиб, фойдаланишга топширилади. Мақсадли кўрсаткичларга кўра, 12 минг квадрат метрли ҳудудда барпо этилаётган фабрикада 600 ишчи ўрни яратилади ва йилига 20 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Конференция давомида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг Италиядаги маслаҳатчиси Марко Фарчи иштирокчиларга Ўзбекистондаги тадбиркорлик муҳити, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма компаниялар ташкил этиш, миграция соҳасида Италия компанияларига ишчилар жалб этиш имкониятлари ҳамда таълим ва тадқиқот йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси