Logo

Ўзбекистон элчиси ва Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

Январ 03, 2026. 08:30 • 2 дақ

256
Ўзбекистон элчиси ва Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

ИСЛОМОБОД, 3 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳрида Покистон Бош вазирининг ташқи ишлар бўйича махсус ёрдамчиси Тариқ Фатеми билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот аввалида Покистон томонига бугунги кунда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тариқ Фатеми Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига юқори баҳо бериб, уларнинг мамлакат ривожидаги муҳим аҳамиятини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон шериклигининг бугунги ҳолатига эътибор қаратди. У Давлатларимиз Раҳбарлари ўртасида шаклланган самимий, илиқ ва дўстона муносабатлар икки томонлама сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва барча соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини билдирди.

«Покистон Ҳукумати Ўзбекистон Президентининг нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий қиёфасини ўзгартиришга, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг ривожланишига янги туртки беришга муваффақ бўлган динамик раҳбар сифатидаги ролини юқори баҳолайди», – деди Бош вазирнинг махсус ёрдамчиси. 

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида олий ва юқори даражада эришилган келишувларнинг ижроси кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. 

Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун тадбиркорларга қулай шароитларни яратиб бериш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, ўзаро савдода юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олиш ва мавжуд муаммоларга қарши тезкор амалий ечимларни топишнинг муҳимлиги айтиб ўтилди.

Озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт-импорт қилиш ва уларнинг хавфсизлиги масалалари муҳим мавзу сифатида кўтарилди. Томонлар Ўзбекистон фитосанитар талабларига жавоб берувчи мандарин маҳсулотини Покистон ҳудудидан импорт ҳажмини ошириш имкониятини кўриб чиқдилар.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги миллий ахборот тизимларини интеграция қилиш, фитосанитар сертификатларни олиш жараёнини соддалаштириш тартибларини жорий этиш таклиф этилди. Қайд этилганидек, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Якунда Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини барча йўналишларда жадал ривожлантириш, муҳокама қилинган масалалар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Dildora Azimova

dildora@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш