СNN Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида сўз юритди
Декабрь 22, 2025. 11:25 • 2 дақ
• 166ТOШКЕНТ, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Американинг нуфузли СNN телеканали Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Мазкур марказ минтақадаги энг йирик маданий-маърифий мажмуалардан бирига айланади ва 2026 йилнинг март ойида кенг жамоатчилик учун ўз эшикларини очади”,- деб ёзилган унда.
Нашрда лойиҳанинг улкан кўламига алоҳида тўхталиб ўтилган бўлиб, марказ биноси машҳур “Hollywood” ёзувидан тўрт баравар баланд, ҳажми эса бўйича Оқ уйдан қарийб етти баравар катта эканлиги таъкидланган.
СNNнинг қайд этишича, ушбу объект музей ва илмий-тадқиқот муассасаси функцияларини ўзида бирлаштирган бўлиб, Ўзбекистоннинг ислом илми ва маданиятининг тарихий марказларидан бири сифатидаги ролини ёдга солишга хизмат қилади.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов телеканалга берган интервьюсида лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири минтақанинг бой интеллектуал меросини, авваламбор, ёш авлод учун замонавий ва тушунарли тилда тақдим этишдан иборат эканини таъкидлади. Саккиз йил давомида марказ концепциясини шакллантиришда 40 дан ортиқ мамлакатдан 1500 га яқин мутахассис иштирок этган.
СNN, экспонатларнинг инновацион форматларига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Интерактив зоналарда виртуал ва кенгайтирилган реаллик (VR/AR) технологиялари, сунъий интеллект ҳамда ўтмишдаги буюк олимларнинг “жонланувчи портретлари”дан фойдаланилгани урғуланган. Мажмуанинг иккинчи қавати илмий фаолият ва кутубхона учун ажратилган бўлиб, унинг фонди 200 мингдан ортиқ китобни ўз ичига олади. Бу эса марказни кўп функцияли таълим майдонига айлантиради.
Телеканал, шунингдек, Марказий Осиёда ислом цивилизацияси ривожланишининг тарихий контекстини ҳам кўриб чиққан. Мақолада Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари асрлар давомида Буюк Ипак йўлида ҳал қилувчи роль ўйнагани, марказнинг Темурийлар даври услубидан илҳомланган меъморчилиги эса ўша даврдаги илм-фан, санъат ва дипломатия тараққиётини рамзий ифодалаши қайд этилган.
Нашрда маданий бойликларни қайтариш мавзуси ҳам муҳим ўрин эгаллаган. Фирдавс Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатга икки мингга яқин артефакт, жумладан, ноёб қўлёзмаларни қайтаришга муваффақ бўлинди.
“Экспертлар марказ салоҳиятини юқори баҳоламоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази анъаналар ва илғор технологияларни бирлаштирган ҳолда, маданий мерос ҳамда ислом цивилизациясини замонавий тушуниш бўйича халқаро мулоқот майдонига айланиши мумкин”, - дея хулоса қилинган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Россия ОАВ Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида ёзмоқда







